Андижонда экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
ОАВ вакиллари, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари иштирок этган анжуманда вилоят ҳокими бугунги кунда иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши бутун дунё учун жиддий хавф туғдираётганини таъкидлади. Мутахассис ва экспертлар таҳлилларига кўра, глобал миқёсда экологик муаммоларнинг шаклланишида табиий омиллар 40 фоиз, инсон фаолияти эса 60 фоиз улушга эга.
Таъкидланишича, айнан шу омиллардан келиб чиқиб, мамлакатимизда, жумладан, Андижон вилоятида экологик муаммоларни бартараф этиш, атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
– Экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш биринчи навбатда аҳоли саломатлиги, жамият ривожи билан боғлиқ ўта муҳим масала, – дейди вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов. – Бу борада нафақат мутасаддилар, давлат ташкилотлари, балки бутун жамоатчилик, ҳар бир фуқаро фаол бўлиши лозим. Бу борада фаол бўлиш, масалага дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг ҳам инсонийлик, ҳам фуқаролик бурчимиздир. Қолаверса, муаммонинг жиддий ва муҳимлигидан келиб чиқиб, вилоятда экологик вазиятни барқарорлаштириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, айни кунда вилоят ҳокими ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳ томонидан саноат корхоналарида мониторинг станцияларининг ўрнатилиши, экология бузилишига сабаб бўлаётган ҳолатларни ўрганиш бўйича назорат тадбирлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ижтимоий соҳа объектларида кўмирдан фойдаланиш қисқартирилмоқда, саноат корхоналарида фильтр ўрнатиш мажбурийлиги, қурилиш майдонларида чангни камайтириш чоралари кўрилиши, ариқларни тозалаш, маиший чиқинди ва хазонлар ёқилишининг олдини олиш, мутасаддиларнинг масъуллигини ошириш бўйича амалий ишлар изчил олиб борилмоқда. Бундан ташқари, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан атроф муҳитга зарар етказаётган, белгиланган меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқараётган 85 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Анжуманда экологияни яхшилаш, бу борада олиб борилаётган ишлар, тарғибот ишларини самарали олиб бориш ва кенг жамоатчиликка етказишда жамоатчилик, айниқса, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларнинг роли муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди. Ана шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими ташаббуси билан вилоятда экологик мусаффоликни таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш, кенг тарғиб этиш мақсадида журналист ва блогерлар учун танлов ўтказиладиган бўлди. Танлов ғолибларига қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти берилади.
[gallery-26489]
Матбуот анжумани давомида вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ОАВ ҳамда матбуот хизматлари вакилларининг таклифларини тинглади, экология ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга оид саволларига батафсил жавоб қайтарди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари