Божхона органлари томонидан нақд хорижий ҳамда миллий валюталарнинг юртимиз чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишига қарши самарали кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида қўл сумкаси ичидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган жами 837 000 Россия рубли нақд хорижий валютасини олиб ўтаётгани аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда доимий яшаш жойига эга бўлган ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 100 миллион сўм эквивалентига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Яна бир маълумот, божхоначилар томонидан салкам 142 млн. сўмлик дори воситалари йўловчининг қўл юкларида аниқланди.
Маълумки, “Дори воситалари ва фармацeвтика фаолияти тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, дори воситаларини реализация қилиш фақат дорихоналар томонидан амалга оширилади. Бироқ сифати кафолатланмаган дори воситаларни ноқонуний равишда олиб кирилишига бўлган уринишлар ҳали ҳам учраб турибди.
Куни кеча, “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда қўл сумкаси ичида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган, қиймати 141 892 000 сўмлик 393 дона турли хил дори воситаларини қайта сотиш мақсадида олиб келаётгани аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
ЎзА