Сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу даврда мамлакат аҳолисини босқичма-босқич марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш борасида сезиларли ишлар қилинди. Айни кунга келиб, республикамиздаги 38 миллион аҳолининг 82,1 фоизи марказлашган ичимлик суви тармоқлари орқали сув билан таъминланган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан соҳага 27,5 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди, бу маблағлар ҳисобига мамлакат бўйлаб минглаб сув иншоотлари қурилди ва янгиланди. Натижада аҳоли томонидан марказлашган ичимлик суви таъминоти даражаси 63 фоиздан 82,1 фоизга кўтарилди.

Ҳудудлардаги кўрсаткичлар сезиларли даражада яхшиланди. Масалан, Қашқадарё вилоятида ичимлик суви билан таъминланганлик 20,8 фоиздан 61,2 фоизга, Деҳқонобод туманида эса 2 фоиздан 51 фоизга ошди. Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва бошқа вилоятларда ҳам аҳолига сифатли сув етказиш даражаси сезиларли ўсишга эришди.
Бу борада амалга оширилган лойиҳалардан бири –“Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳаси бўлиб, у 76 минг нафар аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилди. Шунингдек, Тошкент вилоятида Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига “Қодирия” сув иншооти модернизация ва Бухорода Жаҳон банки иштирокида “Двойник” сув тозалаш иншооти реконструкция қилинди.

ЎзА мухбири соҳадаги ишлар ва келажак режалари ҳақида “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбари Аҳмад Сувонқулов билан суҳбатлашди.
– Аҳмад Худойшукурович, сўнгги 8 йил ичида сув таъминоти соҳасида қандай асосий ютуқларга эришилди?
– Албатта, ушбу муддатда соҳа жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлди. Мамлакатимизда 27,5 триллион сўм маблағ сарфланди, бу маблағларнинг асосий қисми сўнгги уч йилда ўз натижасини кўрсатди. Шу билан бирга, 3,6 мингдан зиёд сув иншоотлари қурилиб, 40 минг километрдан ортиқ сув тармоқлари янгиланди. Натижада 7,7 миллион аҳоли илк бор сифатли ичимлик суви билан таъминланди, 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
– Ҳудудлар орасида сув таъминотидаги фарқ қанчалик сезиларли?
– Ҳа, ҳудудлар орасида айрим фарқлар мавжуд. Масалан, Қашқадарёда 20,8 фоиздан 61,2 фоизга, Деҳқонободда эса 2 фоиздан 51 фоизга кўтарилди. Бошқа вилоятларда ҳам ўсиш кўп. Бу эса Президентимиз томонидан берилган ваъдаларнинг амалга оширилиши, аҳоли муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир.
– Ҳудудлардаги йирик лойиҳалар ҳақида ҳам қисқача сўзлаб берсангиз?
– Албатта, Сурхондарёда “Тўпаланг” сув омбори асосида икки босқичда лойиҳа амалга оширилди, бу 500 мингга яқин аҳолининг ичимлик суви билан таъминланишини яхшилашга хизмат қилди. Жиззахда Зарафшон дарёси сувларидан фойдаланиш орқали 286 минг аҳоли сув билан таъминланди. Қашқадарёда “Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳаси 76 минг одамни сифатли ичимлик суви билан таъминлади.
– Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган?
– Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик соҳани ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Масалан, Осиё тараққиёт банки кредитлари ҳисобига Тошкент вилоятидаги “Қодирия” сув иншооти реконструкция қилинди. Бу лойиҳа 273 минг нафар аҳолининг ичимлик суви билан таъминланишини яхшилашга хизмат қилди. Жаҳон банки билан ҳамкорликда Бухоро вилоятидаги “Двойник” сув тозалаш иншооти модернизация қилинди ва 280 минг аҳолига сифатли сув етказилди.
– Келгуси беш йилда соҳада қандай режалар бор?
– Келгуси беш йилда соҳага 40 триллион сўм инвестиция жалб этиш режалаштирилган. Бу маблағлар орқали ичимлик суви таъминоти 90 фоизга, оқова сув хизматлари қамрови эса 32,6 фоизга етказилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида 2,8 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
– Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи доимий. Бу борада қайси устувор йўналишларга эътибор қаратилмоқда?
– Биринчи навбатда сифатли ва барқарор сув таъминотини таъминлашга, сув ресурсларини самарали бошқаришга, инновацион технологияларни жорий этишга катта эътибор бериляпти. Шу билан бирга, аҳолига очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳам аҳоли билан мунтазам мулоқот ўрнатилмоқда.
Ичимлик суви таъминоти соҳасидаги бу кенг кўламли ишлар аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Давлат раҳбарининг сув билан боғлиқ муаммоларга нисбатан қатъий позицияси ва амалий чоралари эса бу йўлдаги энг асосий омилдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА