Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани бўлими томонидан ўтказилган текширишда, Тахиатош тумани Мактабгача таълим бўлими ҳамда «MULTI TRADE” ва “NUR WATAN” масъулияти чекланган жамиятларининг мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, туман Мактабгача таълим бўлими ҳамда «MULTI TRADE” ва “NUR WATAN” масъулияти чекланган жамиятларининг мансабдор шахслари жиноий тил бириктириб, конкурс ўтказиб, унда «MULTI TRADE” ва “NUR WATAN” масъулияти чекланган жамиятларини ғолиб, деб топган. Натижада «MULTI TRADE” масъулияти чекланган жамияти билан 700 миллион сўмлик ва “NUR WATAN” масъулияти чекланган жамияти билан 720 миллион сўмлик шартнома расмийлаштириб, улар томонидан ҳисоб-фактураларни сохталаштирилган.
Текширув давомида “MODERN” дизайнидаги гиламлар учун бюджетдан ажратилган 1420 миллион сўм пул маблағига арзон нархдаги қиймати 610 миллион сўмлик «IMPERIAL» дизайнидаги гиламни олиб, жами 810 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича судга юборилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА