English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
81 ёшли онахон фахрий унвон олди
12:29 / 2022-08-31

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан Президент фармонларига кўра, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган вилоят фаолларига мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Тадбир қатнашчиларини вилоят ҳокими Э.Турдимов табриклаб, фидойи ватандошларимизнинг юрт тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги самарали меҳнатлари муносиб эътироф этилганини таъкидлади.

– Сизларнинг ўз билим ва заковатингиз билан, керак бўлса, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, кечани кеча, кундузни кундуз демай, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларни енгиб қилган меҳнатларингиз вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда, – деди Э.Турдимов. – Бу ўринда мен саксон ёшида ҳам меҳнат ва фидойиликда барчамизга ибрат бўлаётган, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи” унвонига сазовор бўлган пайариқлик Улбуви Тугонова, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган ургутлик 122 ёшли Улуғой Олимова, Самарқандимизнинг фахри бўлган илғор зиёли – “Ўзбекистон фан арбоби” деб эътироф этилган Рустам Холмуродов, аждодларимиздан мерос ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириб, ёш авлодга ўргатиб келаётган қўли гул ҳунармандимиз – “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига муносиб кўрилган Жўрақул Иноятов, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган тажрибали қишлоқ хўжалик ходими Тўхта Худойназаров, Нурободнинг олис бир қишлоғида ёшларни китобга ошно этишга бутун борлиғини бағишлаб келаётган ва шу хизматлари учун II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланган Адолат Тоғаева номларини алоҳида қайд этишни истардим.

Шундан сўнг вилоят ҳокими давлат мукофотларини ўз эгаларига топширди. Меҳнатлари эътироф этилган юртдошларимиз кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор эканликларини билдириб, бундан буён ҳам жонажон Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишларини билдирдилар.

[gallery-8597]

– Олтмиш йилдан буён пиллачилик билан шуғулланаман, – дейди Пайариқ туманидаги “Туғонов Бебит бобо” фермер хўжалиги аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи Улбуви Тугонова. – Худога шукр, меҳнат қилиб кам бўлмадик, тўққиз фарзандни тарбиялаб, уйли-жойли қилдик. Ҳалигача фарзанду набираларим, келинларим билан пилла боқамиз. Бу йил ҳам уч қути ипак қурти парваришладик. Бу меҳнатнинг рўзғорга баракаси бор. Шу ёшимда мени қадрлаб, мукофот берган Президентимиздан миннатдорман.

– Армреслинг бўйича чемпион бўлганимдан сўнг 2000 йилларда спортдан кетмоқчи бўлгандим, – дейди Самарқанд шаҳар 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббий-ўқитувчиси, “Жасорат” медали соҳиби Юсуф Қодиров. – Ўшанда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “ҳали сиз бизга чемпионлар тайёрлаб беришингиз керак, ўзингиздан ҳам юқори натижалар кутамиз” деб мени руҳлантирган ва мураббийлик билан шуғулланишни маслаҳат берган эдилар. Шундан сўнг ҳам спортчи, ҳам мураббий сифатида фаолият олиб бориб, ўнлаб чемпионлар тайёрладим, ҳалигача шогирдларимга сабоқ бераман. Шунинг учун бу мукофотда Президентимизнинг, онам ва яқинларимнинг ҳиссаси катта деб биламан.

Шунингдек, маросимда жамият ҳаётида маҳалла институтининг роли ва мавқеини оширишда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ фаолларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА