Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
8 ой ичида вояга етмаганлар томонидан 2 мингдан зиёд жиноят содир этилган
11:26 / 2023-10-04

Жиноятларда 1424 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этган.

Мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоизини вояга етмаганлар ташкил этади. Ушбу кўрсаткичнинг ўзиёқ мамлакатимизда ёшлар масаласи нечоғли долзарб аҳамиятга эга эканидан дарак.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти статистик маълумотлари болалар ва ўсмирларда хулқ оғишининг келиб чиқишига таъсир кўрсатаётган, шунингдек, айни давргача содир этилган жиноятлар сони кам эмаслигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 8 ойида республика ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим муассасалари ва маҳаллаларда 105 минг 287 маротаба учрашувлар, давра суҳбатлари ва бевосита мулоқотлар ташкил этилган. 55 минг 137 нафар девиант хулқ-атвордаги ўқувчиларнинг хонадонларига борилиб, ота-оналари билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган, оилавий шароитлари ўрганилди. Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида 33 минг 17 нафарининг хулқи ижобий томонга ўзгаришига эришилган.

7 минг 476 нафар қаровсиз ва назоратсиз қолган болалар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштирилган. 5 минг 870 нафар ўқувчи спорт, 4 минг 275 нафари факультатив, 941 нафари кичик бизнес шохобчалари, 1 минг 525 нафар ўқувчи “Баркамол авлод” марказларига жалб қилинди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан мунтазам равишда “Жаҳолатга қарши маърифат” ташаббуси билан амалий ишлар олиб борилади. Йўлдан адашган ўсмирни тўғри йўлга солиш, унга ўз фарзандимиздек муомала қилиш муҳим. Табиийки бир боланинг йўлдан адашиши, бу — нафақат бир оила, балки бутун маҳалла, жамият таназзули. Бундан аввало, унинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради, ўзининг ҳаёти буткул издан чиқади. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак.

Шу мақсадда 5 минг 242 нафар вояга етмаганлар ижобий томонга ўзгаргани инобатга олиниб, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобдан чиқарилгани аҳамиятга моликдир. Ҳудудларда вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари, ўқувчиларнинг дарсларга ўз вақтида қатнашаётгани назорат қилиб борилган.

Жумладан, 130 минг 55 маротаба “Ўқувчи”, “Давомат”, “Тиғ” ва “Тунги рейд” профилактик тадбирлари ташкил этилиб, фарзандига таълим-тарбия бериш борасида мажбуриятларини лозим даражада бажармаган 62 минг 847 нафар ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан чоралар кўрилган.

Биргина “Тиғ” тадбирлари давомида 2 минг 265 нафар ўқувчидан ноқонуний жисмлар олиниб, ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланган.

Жорий йилнинг 8 ойида республикамизда 2 минг 121 нафар вояга етмаганлар томонидан 2 минг 24 та жиноят содир этилган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 1 минг 424 ҳолати мактабларда, 291 таси академик лицей ва касб-ҳунар таълими муассасаларида, 142 нафар ишламасдан юрганлар (мактабни тамомлаган) ҳамда 264 ҳолатда ишлайдиган вояга етмаганлар томонидан содир этилгани ташвишли масаладир.

148 нафар шахс вояга етмаганларни ғайри ижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилган бўлиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 188-моддасига асосан чоралар кўрилган.

Афсуски, ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. 

Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида дарс вақтида диний муассасалар ҳудудида бўлган 470 нафар ўқувчи дарс машғулотларига қайтарилиб, ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан тегишли тартибда профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди, дарсларни бир неча маротаба тарк этганлар алоҳида назоратга олинган.

Бундай долзарб муаммолар ечими бўйича ишларни оила, таълим муассасалари ва маҳалла фаолияти уйғунлигида амалга ошириш айни муддаодир.

Шуҳрат Неъматов, ЎзА