Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
8 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди
17:02 / 2020-08-27

Уларни ахлоқан тузатиш бўйича тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан Қашқадарё вилоятида ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Уларни ахлоқан тузатиш бўйича тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан Қашқадарё вилоятида ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудларда ташкил этилган пробация хизматларининг ҳудудий бўлимлари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташ муддатидан олдин шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш, назорат остидагилар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

– Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Кутилмаганда: баъзан билиб, баъзан билмасдан ҳаётнинг эгри йўлларига кириб қолади, –дейди Яккабоғ тумани ИИБ Пробация гуруҳи катта инспектори, подполковник Низом Қаршиев. – Лекин бу билан ҳаммаси тамом дегани эмас. Ҳар доим имкон топилади. Инсон борки адашади. Мақсадимиз, пробация гуруҳида ҳисобда туриб жазо муддатини ўтаётган, жазони ўташ давомида ўзини ижобий томонлама намуна қилган, маъмурий ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этмаган, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган, тўлиқ тузалиш йўлига ўтган, иш жойидан, маҳалладан ижобий тавсифланган, соғлом турмуш тарзи кечираётган, жамиятимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатни тўғри тушуниб етган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

2.jpg

Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судида озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган ва туман ички ишлар бўлими пробация гуруҳи ҳисобида турган 8 нафар маҳкумга доир иш кўриб чиқилди. Улар жазо муддатини ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилганлиги ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги сабабли белгиланган жазодан муддатидан олдин озод қилинди.

– Бугун мен ва оилам учун қувончли воқеа бўлди, – дейди Адҳам Хушвақтов. – Боиси муддатидан олдин суд залидан озод қилиндим. Менга берилган бу имкониятнинг, албатта, қадрига етаман. Бундан кейин жамиятимиз ривожига ҳалол меҳнат қилиб, ўз ҳиссамни қўшаман. Ҳали ёш эдим, бир англашилмовчилик сабаб жиноятга аралашиб қолдим. Лекин ўтган давр мобайнида ўзимга тегишли хулоса чиқардим. Баъзан пешонамга битилган бу тамғани юзимга солишганда ич-ичимдан ўксинардим. Озодликни нима эканлигини англаб етдим. Тушундимки, нотўғри йўлдан кетаётган эканман. Эркинликдаги ҳаётингиз қадрига етинг.

Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг ҳукмига асосан ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган "Обод" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Сарвар Қурбонов, ушбу суднинг ажримига биноан ўталмай қолган жазоси енгилроғига алмаштирилган тумандаги Чайдали қишлоғида яшовчи Сардор Оқбўтаев вақтинча ишсиз эди. Пробация гуруҳи туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда уларга иш топди. Натижада, Сарвар Қурбонов тумандаги хусусий корхонага, Сардор Оқбўтаев эса фермер хўжалигига ишга жойлашди.

Пробация хизмати томонидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ташкил этилаётган бу каби профилактик ишлар, хайрли тадбирлар назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, жиноятчиликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

4.jpg

6.jpg