Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
8 минг 440 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди
16:24 / 2021-02-12

Мамлакатимизда жорий йил бошидан буён 8 минг 440 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Марказ томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, божхона тўловларидан тушумлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,3 фоизга ошган. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Жиззах (2,4 марта), Фарғона (2,4 марта) ва Самарқанд (1,1 марта) вилоятларида кузатилди. Божхона тушумларининг ўсиши Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари билан ташқи савдо алоқалари тиклангани ва ташқи савдо фаоллиги ўсганлигидан далолат беради.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарларни экспорт қилиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 фоизга ўсди. Ушбу кўрсаткич коронавирус пандемиясининг ўткир босқичидан сўнг жаҳон иқтисодиётининг босқичма-босқич барқарорлашуви ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ташқи талабнинг ўсишини асослайди.

Йил бошидан буён республикада 8 минг 440 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, уларнинг энг кўпи Қашқадарё (1204), Тошкент (757), Самарқанд (672), Фарғона (664) вилоятларида ва Тошкент (1572) шаҳрида рўйхатдан ўтган.

Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40,5 фоизга ошди. Ушбу даврда мамлакатнинг барча минтақаларида биржа фаоллигининг ўсиши қайд этилди. Бу ички талабнинг босқичма-босқич ўсиб бориши, хусусан, иқтисодий жараёнлар ва бизнес тузилмалари фаоллигини рағбатлантирадиган уй хўжаликлари даромадларининг босқичма-босқич ўсиши натижасида юридик шахслар фаоллигининг ўсишини кўрсатади.

Бундай натижаларга эришишда мамлакатимизда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган кескин чоралар кўмак берди.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,  ЎзА