ФОТОРЕПОРТАЖ
Анъаналарни қайта тиклаётган ҳунарманд
Нукус шаҳрининг Ақ жағис маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Бийбисора Кунназарова халқ амалий санъати ва унутилиб бораётган ҳунармандчиликни қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш йўналишида фаолият олиб боради.
У асосан қорақалпоқ халқ миллий ўтови (қора уй)ни ясаш билан шуғулланади ва уни безашда қўлланиладиган “Оқ қур”, “Қизил қур”, “Оқ басқур”, “Қизил басқур”, “Дизбе” ва “Избе” каби буюмларни тайёрлайди. Бийбисора опа ўз ҳунарини бувиси ва онасидан болалигидан ўрганганини таъкидлайди.
Ҳозирда 70 ёшда бўлган Бийбисора опа изланишдан ва миллий қўл ҳунармандчилиги маҳсулотларини ясашдан чарчамайди. Санъатшунослар унинг буюмларидаги ўзига хослик, анъанавий нақшлар ва бадиий деталларни юқори баҳолашади.
[gallery-28026]
Ҳунарманд республика ва халқаро кўргазмалар, фестиваль ва кўрик-танловларда ҳам фаол иштирок этади. 2024 йил декабрь ойида ўтказилган “Эътибор-2024” танловида у “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинациясида ғолиб бўлди. Шунингдек, 2025 йил 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА