Эртага, 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун қуйидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 40 минг нафар тиббиёт ходими қонунда белгиланган тартибда навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади.
1 минг 49 та оилавий поликлиника, 1 минг 80 та оилавий шифокор пункти, туман, вилоят ва республика шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ишлайди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.
Мамлакатимиз бўйлаб 2 минг 733 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда бўлади. Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг таъкидлашича, Республика Call-маркази (1003) орқали тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан туну кун жавоб олиш мумкин.
Санитария-эпидемиология хизматининг марказий аппарати ва ҳудудлардаги 14 та бошқарма ҳамда 203 та аҳоли пунктида жойлашган бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор, врач-лаборант ва ёрдамчи ходимлар фаолиятини давом эттиради.
ЎзА