Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
78 мингта ҳуқуқий муаммо — барчаси ечим топди
14:38 / 2026-02-03

Фуқарони қийнаётган ҳуқуқий муаммо ўз вақтида ҳал этилса, ишонч мустаҳкамланади. Ана шу тамойил Сирдарё вилояти адлия органлари фаолиятининг асосий мезонига айланди. 2025 йил давомида аҳоли мурожаатлари билан ишлашда қонун устуворлиги ва инсон манфаатлари устувор қўйилиб, аниқ ва амалий натижаларга эришилди.

Энг муҳими, ана шу ишлар, самараси ўлароқ Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган 30 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирлар фуқароларни қонунларга яқинлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги тасаввурини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Президентнинг 2024 йил 24 майда қабул қилинган “Аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва давлат хизматлари сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида адлия органлари ва ҳамкор ташкилотлар мутахассислари томонидан уйма-уй ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Хонадонларга чиқиб ўрганиш натижасида жами 78 минг 407 та ҳуқуқий муаммо аниқланди. Эътиборлиси, мазкур муаммоларнинг барчаси соҳавий мутахассислар иштирокида жойида ёки қисқа муддатларда ҳал этилди. Бу эса қонуннинг қоғозда эмас, амалда ишлаётганининг яққол исботидир.

Бу жараёнда фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот, оилавий муносабатлар, мулк ва тадбиркорликка оид мурожаатлари қонун асосида кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани инобатга олиниб, аниқ ечимлар таклиф этилди.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам ўсиш суръатлари кузатилди. Хусусан, 2025 йил давомида Сирдарё вилоятидаги давлат хизматлари марказлари орқали 507 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди. Бу ўтган йилга нисбатан 274 мингтага кўп бўлиб, аҳолининг давлат хизматларига бўлган ишончи ва талабининг ошиб бораётганини кўрсатади.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, хизматлар самарадорлигини ошириш ҳамда рақамли ечимларни кенг жорий этиш адлия органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу орқали нафақат мавжуд муаммолар ҳал этилмоқда, балки уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ёндашув ҳам шаклланмоқда.

Мазкур натижалар Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Тадбирда 2025 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, келгусида ҳам аҳолига сифатли ҳуқуқий ва давлат хизматлари кўрсатиш, мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади. Бу эса адлия тизимига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири