Атроф-муҳитни асраш, ўсимликлар дунёсига ижобий муносабат нафақат яшил олам ва мусаффоликни муҳофаза қилиш, балки саломатлик ҳамда келажакни асраш ҳам демакдир. Бу борадаги эътиборсизлик қонунларга мувофиқ жавобгарликка олиб келади.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти Чуст туманлараро судида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд мажлисида айни шундай атроф-муҳитга эътиборсизлик билан боғлиқ иш кўрилди.
Даъвогар Тошкент шаҳри экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вакилининг билдиришича, жавобгар шахс пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйларга ёндош ҳудуддаги беш туп элдор қарағай дарахтларини ваколатли идоралар рухсатисиз ҳамда ҳеч қандай ҳужжатларсиз кесиб, нобуд қилиб, ўсимлик дунёсига 78 миллион 750 минг сўм зарар етказган.
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро суди судьяси Илёсжон Тўйчиевнинг қайд этишича, тақдим этилган ҳужжатларга асосан даъво асосли деб, топилиб, жавобгардан бошқарма фойдасига белгиланган миқдордаги табиатга етказилган моддий зарар, давлат божи ҳамда суд харажатларини тегишли тартибда ундирилиши юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.