Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
76 ёшли момонинг томорқасида қулупнайлар
18:18 / 2026-03-05

Томорқа – шунчаки ер майдони эмас, балки қўшимча даромад манбаи. Ердан оқилона фойдаланган киши ўз меҳнати орқали рўзғорига барака киритади.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Соҳилобод маҳалласида аҳоли асосан боғдорчилик билан шуғулланади. Ястаниб ётган токзорлар, шафтолизор ва бодомзорлар туфайли фуқаролар бандлиги таъминланган. Бу ерда ишсиз одамларни деярли учратмайсиз, камбағал оилалар ҳам жуда озчилик.

Меҳнат фахрийси, 76 ёшни қарши олган Оминахон ая Аюпова 10 сотихли томорқасида беш йил аввал иссиқхона ташкил этган эди. Аввалига помидор, бодринг экилди. Уч йилдирки, гидропоника усулида қулупнай кўчатларини парваришлаб келмоқда. Момонинг айтишича, ўтган йилнинг октябрь ойида ўтқазилган кўчатлар бир йил давомида ҳосил бераверади. Баҳору ёз, кузу қиш бу файзли хонадондан харидорларнинг кети узилмайди.  

Айни пайтда пишган қулупнай ички бозорда килоси 180-200 минг сўмдан сотилмоқда. Йиллик даромад 60-70 миллион сўмгача боради. Қолаверса, сўрилар тагидаги лимон кўчатлари ҳам ҳосилга кирган. Бундай томорқани хазинага айлантираётган оилалар тумандаги барча маҳаллаларда кўплаб топилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА