Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
73 нафар ёш ҳарбий хизматчига навбатдаги ҳарбий унвон берилди
09:23 / 2023-07-01

Юртимизда 2017 йилдан бери кенг нишонлаб келинаётган 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округда хизмат қилаётган 73 нафар ёш ҳарбий хизматчига навбатдаги ҳарбий унвонлар тантанали тарзда топширилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.  

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида: “Бугунги кунда мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда билим олаётган, ўз шахсий ишини очиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, Қуролли Кучларимиз сафларида йигитлик бурчини шараф билан адо этаётган, ишлаб чиқариш, қурилиш, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаларига, замонавий IT-технологиялари йўналишларига дадил кириб бораётган, катта орзу-умидлар билан яшаётган 18 миллиондан зиёд ўғил-қизларимиз – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин захирамиздир” – дея таъкидлаган.  

30 июнь – Ёшлар куни байрами муносабати билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтган тантанада мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Алишер Норбоев иштирок этиб, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларини табриклади.  

Вазир ўринбосари ўз нутқида ёшларимиз берилаётган эътибор ва имкониятлардан фойдаланиб, ўз билимини мустаҳкамлаб борса, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, юртимизнинг келажагига муносиб ҳисса қўшадиган шахс бўлса, барчамиз асосий мақсадимизга эришган бўлар эдик дея таъкидлаб ўтди.  

Шундан сўнг сана муносабати билан намунали ҳулқи ва Ватан ҳимоясидек муқаддас вазифага бўлган улкан масъулияти учун 30 ёшгача бўлган 48 нафар офицер ва 25 нафар сержантга навбатдаги ҳарбий унвонлар тантана билан топширилди.  

Таъкидлаш жоизки, миллий армиямизни салоҳиятли кадрлар билан бутлашда келажагимиз бўлмиш ёшларга таянилади. Замонавий фикрлайдиган, кенг дунёқарашли, жисмонан баркамол, мард ва жасур ўғлонлар бугун армиямиз сафларини тўлдириб, сарҳадларимиз, юртимиз ҳимоясида мардлик намунасини ифода этмоқда. Ҳар йили минглаб ёшларимиз муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга бориб, уларнинг кўпчилиги контракт бўйича ҳарбий хизматда қолиб, ҳаётини армияга бағишламоқда. Олий ҳарбий таълим муассасаларининг ҳар йилги қабулларида кўплаб ёшларимиз “курсант” деган шарафли номга сазовор бўлмоқда.  

Сўнгги йилларда миллий армиямизда бўлаётган туб ислоҳотлар жараёнида ҳар йили кўплаб ёш ҳарбий хизматчилар республика ва халқаро миқёсдаги танловлар, спорт ва ҳарбийлашган мусобақаларда юртимиз байроғини кўкларга кўтариб, куч-қудратимизни намоён этмоқда.  

Байрам тадбири давомида муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қўл жанги ҳамда фахрий қоровул взводининг саф элементларидан иборат кўргазмали чиқишлари барчанинг олқишига сазовор бўлди. Маънавият ва маърифат марказида ҳарбий хизматчилар фарзандлари учун фаолият юритаётган қўл жанги ва гимнастика тўгараклари аъзоларининг чиқишлари хушкайфият улашди.  

ЎзА