2025 йил давомида Рақобат қўмитасига электрон тижорат соҳаси бўйича 3 100 га яқин мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар асосида олиб борилган ишлар натижасида 7,3 млрд. сўм маблағ фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Қўмита маълумотига кўра, эътирозларнинг асосий қисми қуйидаги ташкилотлар ҳиссасига тўғри келган:
Uzum Market – 851 та, Uzum Nasiya – 842 та, Yandeks – 329 та, Texnomart – 168 та, Ishonch – 166 та, Alif Shop – 150 та, Uzum Tezkor – 115 та, Openshop.uz – 56 та, ZoodMall – 54 та, IDEA – 46 та.
Ўрганишлар давомида шартнома шартлари, кафолат муддатидаги сервис хизматлари, нуқсонли товарларни алмаштириш, рекламаларда нотўғри маълумот бериш, тўлов ва етказиб бериш хизматлари билан боғлиқ қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Кўрилган чоралар натижасида мурожаатларнинг 84,8 фоизида истеъмолчилар ҳуқуқлари тикланди. Ҳуқуқлари бузилгани аниқланган 9,6 минг нафар фуқарога жами 7,3 млрд. сўм миқдорида зарар қайта ҳисоблаб берилди.
Рақобат қўмитаси электрон тижорат соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар давом эттирилишини маълум қилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА