French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
73 гектар майдон кичик саноат зонасига ажратилиб, 10 га яқин тадбиркорлик субъекти жойлаштирилди
18:06 / 2017-10-27

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қуватлаш, бўш турган бино ва иншоотлар негизида кичик саноат зоналари ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қуватлаш, бўш турган бино ва иншоотлар негизида кичик саноат зоналари ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишнинг самарали механизми жорий қилинди.

Сурхондарё вилоятида хусусийлаштирилган, фаолияти тўхтаб қолган ёки бинолари бўш турган корхоналар ўрганилиб, уларни эркин иқтисодий зоналар таркибига киритиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бўш турган бинолар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилиб, янги ишлаб чиқариш корхоналари иш бошламоқда.

Жарқўрғон туманидаги Қўштепа ва Ховдак маҳаллалари ҳудудидаги бўш турган 73 гектар майдон кичик саноат зонасига ажратилиб, 10 га яқин тадбиркорлик субъекти жойлаштирилди.

– Янги кичик саноат зонасида замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча шароит мавжуд, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи С.Қурбонов. – Табиий газ, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотида муаммо йўқ. Темир йўл тармоғи мавжуд, кенг, равон автомобиль йўли ҳам ўтган. Бундай қулайлик тадбиркорларнинг узлуксиз маҳсулот ишлаб чиқаришида муҳим аҳамият касб этади. Бу ерда тадбиркорлар томонидан маҳаллий хомашёдан янги турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Кичик саноат зонасида “Сурхон цемент инвест” хорижий корхонаси дастлабки босқичда йилига 420 минг тонна цемент ишлаб чиқариш технологияларини ўрнатаётган бўлса, “МС-Маржон” савдо-ишлаб чиқариш корхонаси йиллик қуввати 1000 тонна гил тупроғини қайта ишлаш линиясини ишга туширмоқда. Натижада 165 иш ўрни яратилаётир.

Маҳаллий хомашёдан қурилиш учун арзон ва сифатли материал тайёрлашни режалаштирган “Сурхон Меҳнат Роҳат”, “Барпо Инвест”, “Фабулло Строй”, “Сурхон ёқилғи Сервис” масъулияти чекланган жамиятларининг йилига 5 миллион 200 минг дона ғишт ишлаб чиқариш корхоналари ҳам барча шароитларга эга кичик саноат зонасида қад ростлади.

– Замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг ўзига хос мураккаб жиҳатлари бор, – дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Э.Эшкелдиев. – Айниқса, ишлаб чиқариш корхонасини транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига улашнинг ўзи катта маблағ ҳамда вақт талаб этади. Бу, албатта, маҳсулот таннархига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Вилоятда ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида бу муаммо бартараф этилган. Бундай имкониятлар яратилгани тадбиркорларимизнинг экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга қизиқишини оширмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида мутахассисларимиз туманларда илгари хусусийлаштирилган бино ва объектларни ўрганиб, бўш турган иншоотлар рўйхатини шакллантирди. Шунга мувофиқ, “Қумқўрғон МТП”, “Ангорпахта”, "Узунпахта” акциядорлик жамиятлари ва Миршоди пахта қабул қилиш пунктининг бўш турган бинолари негизида кичик саноат зоналари барпо этилади. Яқинда “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Қумқўрғон туманида ўз балансига олган объектини аниқлаб, руйхатдан ўтказдик. Фойдаланилмай турган бу иншоот негизида кичик саноат зонаси ташкил этиш учун барча шароит мавжуд.

Маълумотларга кўра, Жарқўрғон туманида ташкил этилган кичик саноат зонасида 200 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Корхоналар тўла қувват билан ишга туширилгач, яна 150 га яқин иш ўрни яратилади.

Мухтасар айтганда, вилоятда барпо этилаётган кичик саноат зоналари хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, воҳада рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, иқтисодиётимиз барқарорлигини, аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш ва бандлик масаласини ҳал этишда янги имкониятлар яратаётир.