700 нафарга яқин сўхлик ёшлар олий ўқув юртига ҳужжат топширди
Фарғона вилоятининг Сўх туманида кейинги йилларда турли соҳаларда олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёж сезилмоқда.
Фарғона вилоятининг Сўх туманида кейинги йилларда турли соҳаларда олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёж сезилмоқда.
Биргина умумтаълим мактабларида 18 нафар ўқитувчи етишмайди. Шунингдек, тиббиёт, молия, мактабгача таълим каби тизимларда ҳам малакали кадрлар жуда кам.
Айни кунларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган дастур доирасида мазкур муаммонинг ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июндаги 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги қарори асосида сўхлик ёшлар учун қўшимча давлат гранти асосида 500 та ўринга мақсадли қабул параметрлари ажратилиши катта имконият бўлди.

Мазкур ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 955 нафар йигит-қиз тамомлади. Эътиборли жиҳати, 21 нафар ўқувчи олтин, 32 нафар ўқувчи кумуш медаллар соҳиби бўлди. 9-синф ўқувчиларидан 151 нафари аъло даражали шаҳодатнома билан мактабни битирди.
– Қунт билан ўқиган инсон албатта, ўз орзу ва мақсадига эришади, –дейди 7-умумтаълим мактаби битирувчиси, олтин медаль соҳиби Атохон Баҳодирхонов.
– Мактабда олган билимларимиз давлатимиз томонидан юқори баҳоланганидан фахрланамиз. Фарғона давлат университетининг педагогика йўналишига ҳужжат топширдим. Яхши мутахассис бўлиб, туманимизнинг ривожланиши учун ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
Сўх тумани давлат хизматлари маркази орқали олий таълим муассасаларига тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказишга рухсат берилгани ҳам катта қулайлик бўлди. Айни кунларда абитуриентлардан олий таълим муассасаларига ҳужжатлар қабул қилинаётган бўлиб, бу ерда барча шароит яратилган. Маълумотларга қараганда, бугунга қадар 700 га яқин ҳужжат қабул қилинган.