Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
70 ёшли Рима Собирова танлов ғолиби бўлди
12:40 / 2020-10-10

Жиззах вилоятида Ўзбекистон либерал демократик партияси қошидаги “Аёллар қаноти” гуруҳининг анъанавий лойиҳаларидан бири “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туманлар босқичи бўлиб ўтмоқда.


Жиззах вилоятида Ўзбекистон либерал демократик партияси қошидаги “Аёллар қаноти” гуруҳининг анъанавий лойиҳаларидан бири “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туманлар босқичи бўлиб ўтмоқда.

Кўрик-танловнинг Пахтакор тумани босқичида 70 ёшни қаршилаётган фермер Рима Собирова ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўлланма олди.

Рима опа тумандаги "Оқбулоқ" кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари. Опа раҳбарлигида жамоа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда ҳар йили юқори натижаларга эришаётир.

Жамоа бу йил ҳам 31 гектар майдондаги ғалла, 25 гектар майдондаги пахтадан юқори ҳосил етиштирди. Хўжаликда балиқчилик, иссиқхона ва чорвачилик ҳам яхши даромад бераётир. Қўшимча тармоқларнинг йўлга қўйилиши натижасида 10 киши доимий, 30 киши мавсумий иш билан таъминланган.

– Мамлакатимизда аёллар ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлардан мамнунмиз, – дейди Рима опа. – Кўрик-танлов давомида тумандаги бошқа тадбиркор, фермер аёлларнинг ютуқ ва муваффақиятлари билан танишдик, тажриба алмашдик. Ҳозирги ёш тадбиркорларнинг фаолиятида ҳам ўрганадиган жиҳатлар кўп.

Рима опадаги кўпни кўрган кайвонилик, ёшларга хос ғайрат-шижоат тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ёшлар ҳавас қилса арзирлидир. Зотан, “Ишбилармон аёл” танловидан ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам шу – ёшларда тадбиркорликка ҳавас ўйғотиш.