Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
70 мингдан зиёд аёл ишли бўлди
17:38 / 2021-06-22

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Халқ банки: хотин-қизлар бандлиги ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

— Мамлакатимизда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш масалаларига Халқ банки масъул этиб белгиланган, — дейди Халқ банкининг Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш департаменти бошқарма бошлиғи Сирожиддин Раҳмонов. — Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан банкнинг барча ҳудудий, туман (шаҳар) филиалларида раҳбарнинг аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари штати жорий этилди. Ҳозир улар жойларда ишбилармон опа-сингилларимизнинг энг яқин бизнес кўмакчиси, ишончли маслакдошига айланмоқда. Халқ банки, биринчи навбатда, эҳтиёжманд, муқим иш жойи ва доимий даромад манбаига эга бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этишни мақсад қилган. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида қисқа муддатда қарийб 78 минг нафар опа-сингилларимизнинг турмуш тарзи ижобий томонга ўзгариб, моддий фаровонлиги ошди.  

Халқ банки бу йўналишдаги ишни, аввало, ўрганишлардан бошлади. Натижада 8 минг 148 нафар аёлнинг тадбиркорлик фаолияти бўйича зарур кўникмалари мавжудлиги аниқланди. Лекин бу соҳада бошланғич тасаввури йўқ, молиявий саводхонлиги етарли бўлмаган опа-сингилларимиз бизнесда ўз йўлини топиб кетишлари қийин. Шу сабабли, Халқ банки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда опа-сингилларимизни тадбиркорликка ўқитяпти.  

Бугунги кунда 432 минг 781 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган. Уларнинг 70 мингга яқини, яъни 16 фоизи тадбиркорлик қилиш истагини билдирди. Ана шу хотин-қизлар 4 та тоифага ажратилди, ҳар бир тоифадаги аёлга индивидуал тарзда кўмак бериш йўлга қўйилди.  

Халқ банки томонидан ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, 72 хил йўналишда намунавий “Бизнес режа” лойиҳалари ишлаб чиқилди ва тарқатма материаллар жойларга етказилди. Айни пайтда бизнес-режа тури ва кўлами янада кенгайиб бормоқда.  

Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ташаббускор аёл” имтиёзли кредити жорий этилди. Ҳозиргача ушбу турдаги кредит 77 минг 43 нафар хотин-қизга ( 1 триллион 627 миллиард сўм миқдорида) ажратилди. Шундан “Аёллар дафтари”га киритилган 68 минг 281 нафар (98 фоиз) хотин-қиз 837 миллиард 931 миллион сўмлик кредит олди ва 70 мингдан зиёд аёл ишли бўлди.  

Масалан, Қашқадарё вилояти Қамаши тумани “Зафар” маҳалласида яшовчи Наргиза Эшдавлатова тадбиркорлик қилиш учун 138 миллион сўмлик кредит олди ва “Imonaxon Faxriddinovna” оилавий корхонасини ташкил этди. У банк тақдим этган намунавий “Бизнес-режа”дан фойдаланган ҳолда, синтефонли кўрпа-тўшак анжомлари тикишни йўлга қўйди. Шу аснода ҳудудда “Аёллар дафтари”га киритилган 6 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланди. Ҳозир ушбу оилавий корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри бозорларида сотилмоқда.  

Айни пайтда бир ҳудудда ривожланган соҳани бошқа ҳудудга жорий қилиш амалиёти йўлга қўйиляпти. Масалан, Сирдарё вилоятининг Оқолтин тумани “Бўстон” маҳалласида яшовчи Дилором Сафарова намунавий “Бизнес-режа”дан фойдаланган ҳолда гўзаллик салони ташкил этди. Урганч шаҳрининг “Шодлик” маҳалласида “Аёллар дафтари”га киритилган Дилноза Табирова эса 32,2 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, ойига 20 дона ванна ва 30 дона раковина ишлаб чиқара бошлади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.  

Матбуот анжумани сўнгида журналистларни қизиқтирган саволларига банк ходимлари жавоб қайтарди.  

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА