7 минг бош парранда 50 мингтага етади
Фарғона вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмакдош бўлиш сектор раҳбарларининг кунлик иш режасидан жой олган.
Фарғона вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмакдош бўлиш сектор раҳбарларининг кунлик иш режасидан жой олган.
Бағдод тумани “Матқулобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Муроджон Мирзаев паррандачиликка қизиқади. Ҳозирда унинг хонадонида 7 минг бош парранда парваришланиб, улардан кунига 5 минг донадан ортиқ тухум олинмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил 1 ноябрдан 2021 йилнинг 1 майига қадар туманда 22 миллион 485 минг дона тухум истеъмол қилиниши кутилмоқда. Бундан кўринадики, бағдодликлар ҳар куни 124 минг донадан зиёд тухум истеъмол қилишади. Муроджон Мирзаевнинг парваришидаги паррандалар ҳиссасига ана шу эҳтиёжнинг 4,5 фоизи тўғри келмоқда.
– Туманимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини сақлашга озгина бўлса-да ҳисса қўшаётганимдан хурсандман, – дейди М. Мирзаев. – Бу ишга ўзим ишқибозман, қолаверса, 2 нафар маҳалладошимниям иш билан таъминлаганман. Тухумларнинг ҳар донаси 800 сўмдан сотилмоқда.
Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов тадбиркор билан учрашди ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди. Муроджон паррандалар сонини 50 минг бошга етказиш юзасидан таклиф билдириб, 2,5 миллиард сўмлик бизнес лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирди.
Шу кунинг ўзида тадбиркор муаммоси ҳал этилиб, унга Ойдинбулоқ қишлоғи ҳудудидан жой ажратилди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Демак, яқин кунларда ичида парранда бош сони янада кўпайиб, янги иш ўринлари яратилади.