Гулистон туманининг марказий қисмидан оқиб ўтувчи, аҳоли ҳамда қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга “Пахтакор” канали тўлиқ реконструкция қилинди. Қарийб 7 миллиард сўм маблағ йўналтирилган ушбу лойиҳа сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Маълумки, 1972 йилда барпо этилган, умумий узунлиги 7 километрни ташкил этувчи “Пахтакор” канали орқали 25 та фермер хўжалиги, 4 та маҳалла ҳудудида жойлашган 210 та томорқа ер эгаларига қарашли жами 1 410 гектар ер майдони суғориб келинар эди. Канал Деҳқонобод хўжаликлараро каналидан (ПК 19+00) сув олиб, “Уч қаҳрамон”, “Ўзбекистон” ҳамда “Пахтаобод” ҳудудларининг сув таъминотида асосий манба ҳисобланади.

Бироқ, орадан 53 йил вақт ўтганига қарамай, мазкур канал шу пайтгача реконструкция ёки капитал таъмир қилинмаган. Натижада қувурлар эскириб, бетон қопламалар емирилган, айрим жойларда ёриқлар пайдо бўлган эди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, канал орқали узатилаётган сувнинг 25–30 фоизи фильтрация ва йўқотишлар ҳисобига камайиб, 220 гектардан ортиқ ер майдонида сув таъминотининг кескин ёмонлашувига сабаб бўлган.

Амалга оширилган реконструкция ишлари давомида канал туби ва ён томонлари замонавий гидротехник талаблар асосида мустаҳкамланди, қувурлар тўлиқ янгиланди, уларнинг сув ўтказиш қобилияти яхшиланди. Илмий асосланган ҳисоб-китобларга таянган ҳолда бажарилган ушбу ишлар натижасида сув фильтрацияси даражаси 2–3 баробарга камайди. Хусусан, аввал 25–30 фоизгача етиб келган сув йўқотишлари ҳозирда 8–10 фоиз атрофида бўлмоқда.

Бу эса ҳар бир суғориш мавсумида минглаб куб метр сувни тежаш имконини бермоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, реконструкция қилинган канал орқали узатилаётган сув сарфининг оптималлашуви натижасида суғориш самарадорлиги сезиларли даражада ошган, сув босими барқарорлашган ҳамда қуйи участкаларгача сув етказиб бериш кафолатланган.

Натижада туман ҳудудидаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш учун мустаҳкам асос яратилди. Сув таъминотининг яхшиланиши экинларни ўз вақтида суғориш, ер унумдорлигини сақлаш ҳамда қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Мутахассислар фикрига кўра, “Пахтакор” канали реконструкцияси сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши шароитида сув танқислигининг олдини олиш ва қишлоқ хўжалигида барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири