Экспорт салоҳияти ошмоқда
Бухоро вилоятининг жорий йилги экспортида мева-сабзавот, умуман, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улуши кескин ошади. Ҳисоб-китобларга кўра, чет эллик буюртмачиларга 83,8 миллион долларлик ноз-неъматлар етказиб берилади.
Бухоро вилоятининг жорий йилги экспортида мева-сабзавот, умуман, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улуши кескин ошади. Ҳисоб-китобларга кўра, чет эллик буюртмачиларга 83,8 миллион долларлик ноз-неъматлар етказиб берилади.Бу ҳақда вилоят божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, божхона расмийлаштируви мутахассислари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрда қабул қилинган “Экспорт операцияларини “бир дарча” тамойили бўйича амалга ошириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2014 йил 4 декабрдаги “2015 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз ва узум ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш прогноз параметрлари тўғрисида”ги қарорлари бунда муҳим омил бўлмоқда.
– Экспортга тавсия этилган маҳсулотлар тури ва уларнинг нархи, экспорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатига кириш тартиби, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчилар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар юзасидан зарур маълумотларга эга бўлдик, – дейди Когон туманидаги “Шаҳбоз Шаҳром” хусусий корхонасининг божхона расмийлаштируви мутахассиси А.Қурбонов.
Вилоят божхона бошқармасининг “Бухоро” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида белгиланган тартиб асосида маҳсулотларни экспортга жўнатиш билан боғлиқ тартиботлар механизми жорий этилган. Постда “Бухороэкспертиза” шўъба корхонаси, вилоят транспорт ветеринария назорати пункти, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази ва табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси тузилмалари эспортчи корхоналарга тегишли хизматлар кўрсатмоқда.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.