Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
68 мамлакатга 200 турга яқин электротехника маҳсулотлари экспорти амалга оширилди
13:54 / 2023-10-19

АОКАда бўлиб ўтган брифингда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов мамлакатимиз электротехника саноати корхоналарининг 2023 йил 9 ойлик фаолияти якунлари ҳақида маълумот берди.

Унда қайд этилганидек, 2023 йилнинг 9 ой якунига асосан электротехника саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқариш ҳажми 16,7 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробар кўп деганидир.  

– Эътиборли жиҳати, жорий йилда яшил энергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишида фаолият юритувчи корхоналар томонидан  ишлаб чиқариш қувватлари бир неча баробарга ошганини кўриш мумкин. Экспорт ҳажми эса 725,5 миллион долларга тенг бўлди. Хусусан, кабель-сим маҳсулотлари экспорти 430 миллион, маиший техника маҳсулотлари 172,3 миллион, кучланиш қурилмалари ва бошқа электротехника маҳсулотлари экспорти 122,5 миллион долларни ташкил этган, –деди Н.Толипов.  

Таъкидланишича, 200 турга яқин электротехника маҳсулотлари экспорти жаҳоннинг 68  мамлакатига 96 та экспортёр корхоналар томонидан амалга оширилган. Биргина “GSP+” имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европа мамлакатларининг ўзига 16 та корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини экспортга олиб чиққан.  

Ахборот хизмати раҳбарига кўра, экспортнинг катта улуши Туркия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.  

– Ҳудудларда эса 18 та янги лойиҳа ишга туширилган бўлиб, қўшимча 542 та янги иш ўрни яратилган. Биламизки, электротехника саноати корхоналарида мис хомашёси асосий манба ҳисобланади. Эндиликда мисни қайта ишлаш имкониятлари ҳам бу йўналишда бир неча баробарга ошган. 9 ой якуни билан корхоналар томонидан 65,2 минг тонна мис қайта ишланган. Инвестициялар дастури доирасида умумий қиймати 104,3 миллион долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Шундан 55,6 миллион доллар маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига тўғри келади. Айни пайтда корхоналарни куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёнлари жадаллик билан давом этмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад ишлаб чиқариш қувватларини таъминлашда энергия самарадорлигига эришишдир, –деди Н.Толипов.  

 

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА