Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
67 мурожаатнинг 59 тасида чек бермаслик ҳолати аниқланди
12:53 / 2022-02-09

Сирдарё вилоятида жамоатчилик назоратининг самарали йўналишларини яратиш ва уни кенг тарғиб қилиш борасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан бир қанча лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан яратилган “Soliq uz” мобиль иловаси бугун ўз самарасини бермоқда. Иловада “Soliq hamkor” бўлими ҳам ўрин олган бўлиб, мазкур бўлимда тўловларни банк пластик картаси орқали амалга оширишнинг рад этилиши, маҳсулот ва хизмат нархларининг сунъий равишда оширилиши, касса чекининг берилмаслиги ва бир қанча шу каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар бериш, маълумотларни фото ва видео, аудио шаклда илова қилиш каби имкониятлар мавжуд.

Бу имкониятлар мурожаатчиларга қулайлик яратиш билан бирга бизнес вакилларини ҳушёрликка чақириб, ноқонуний ҳаракатларнинг олди олинишига хизмат қилмоқда. Ҳалол ва инсофли солиқ тўловчиларнинг фаолиятларига салбий таъсир кўрсатаётган ноқонуний ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бундай ҳолат юзасидан “Солиқ ҳамкор” дастури орқали келган мурожаатлар солиқ хизмати ходимлари томонидан зудлик билан ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Сирдарё вилоятида 2022 йилнинг 1 февраль ҳолатига “Солиқ ҳамкор” дастури орқали жами 67 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 59 тасида онлайн НКМ чекини бермаслик, 3 тасида тўловларни пластик карталар орқали қабул қилишни рад этиш ҳолатлари билдирилган. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларга белгиланган тартибда жарималар қўлланилди.

Ҳолат ҳақида мурожаат қилган Ш.С. ва Д.Қ.га шахси сир сақланган ҳолда тўланган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот сифатида тўлаб берилди. Шу кунгача учта фуқарога жарима суммалари ҳисобидан мукофот пуллари ўтказиб берилган.

Бу вазиятда фуқаронинг мурожаати бўлмаганида “уддабурон” тадбиркор солиқлардан қочиб, давлат ва халқ манфаатларига зарар келтириши мумкин эди. Лекин шунда ҳам қонунларимиз адолатли ва энг муҳими, инсонпарварликка асосланган. Боиси, ҳуқуқбузарлик содир этган субъект қарор чиққанидан сўнг 10 кун муддатда тўлов қилса жарима миқдорининг 50 фоизи чегирилиши мумкин. Бу эса ноқонуний фаолиятни амалга оширганда тўғри хулоса чиқаришга ва келгусида салбий ҳолатларга йўл қўйилмаслигига хизмат қилади.

Ҳушёрлик иқтисодиёт ривожланишини кафолатлайди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА