6,7 миллиард сўмдан зиёд қарз ундириб берилди
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 12 майдаги ижро ҳужжатига асосан, жавобгар “Kungrad Lestorg” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар “Pallet Production” масъулияти чекланган жамияти фойдасига жами 6 миллиард 701,8 миллион сўм ундириш белгиланган. Даъвогар ушбу ижро ҳужжатини қонунчиликка кўра, дастлаб қарздорга хизмат кўрсатувчи банкга топширган бўлсада, ижроси таъминланмаган. Оқибатда даъвогар Мажбурий ижро бюросининг Қўнғирот туман бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Бўлим ходимлари томонидан қарздорнинг банк ҳисоб рақамлари хатловга олиниб, унга электрон инкассо қўйилди. Шунингдек қарздорга тегишли жами 4 та автотранспорт воситаси ва 1 та кўчмас мулкига тақиқ ўрнатилди.
Олиб борилган шундай ҳаракатлар натижасида 6,7 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағи “Pallet Production” масъулияти чекланган жамиятининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири