Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
60,6 миллиард сўмлик қўшимча қиймат солиғи қайтарилди
16:12 / 2025-11-28

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида хизмат кўрсатиш, туризм, умумий овқатланиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари тез суръатларда ривожланмоқда. Бу соҳалар иқтисодиётнинг энг фаол ва катта иш ўринлари яратувчи сегментларидан биридир.

Шу боисдан давлат солиқ юкини енгиллаштириш ва бизнес айланмасини оширишга қаратилган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) қайтариш механизмларини кучайтирмоқда.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, қўшилган қиймат солиғи корхона солиқ сифатида тўлаб қўйган маблағни қисман қайтариб олса, уни қўшимча инвестиция, товар айланмаси, ишчи кучига сарфлай олади. Бу бизнеснинг ликвидлигини оширади. Мисол учун, хизмат кўрсатиш ва аграр секторда хом ашё, энергия, логистика харажатлари юқори.  

Қўшилган қиймат солиғи қайтарилиши умумий харажатлар базасини пасайтиради. Ижтимоий-иқтисодий муҳитда ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг фойда нормаси кўпаяди. Бу, ўз навбатида узоқ муддатли барқарорликка хизмат қилади.  

Имтиёзлар орқали тадбиркорлик фаоллигининг ошиши хизмат сифатини яхшилайди, бозорда соғлом рақобатни кучайтиради. Мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилган ушбу имтиёз айланма маблағни кўпайтириш, харажатларни қисқартириш ва рентабелликни оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.  

Солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йил 26 ноябрь ҳолатига 60,6 миллиард сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғи туризм, овқатланиш ва қишлоқ хўжалигининг асосий йўналишларида фаолият юритувчи корхоналарга қайтарилди.  

Қайтарилган қўшилган қиймат солиғининг соҳалар бўйича тақсимоти қуйидагича: туроператорлар (41 та корхона) — 2,1 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Туристик компаниялар учун солиқ юкининг камайиши уларнинг янги йўналишлар ва турмаҳсулотлар таклиф қилиш имкониятини кенгайтиради. Меҳмонхоналар (163 та объект) 9,2 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва инфратузилмани янгилашда бу маблағ муҳим омилга айланади.  

Умумий овқатланиш корхоналари (652 та) — 44,6 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Энг катта улушни ташкил этган ушбу қўллаб-қувватлаш харажатларни қисқартириб, рентабелликни оширади ва бозорда рақобатни жонлантиради. Чорва ва паррандачилик хўжаликлари (80 та) — 4,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда.  

Агросаноат тармоғида айланма маблағнинг кўпайиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва маҳсулот таннархини барқарор ушлаб туришга хизмат қилади.  

Бир сўз билан айтганда, 60,6 миллиард сўмлик қўшимча қиймат солиғи қайтарилиши иқтисодиётнинг хизмат ва аграр тармоқларини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу чора-тадбирлар бизнес юкини енгиллаштиради. Соҳаларда фаолликни оширади. Бозорда рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА