English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"60 ёшимда қайта "туғилдим"
14:56 / 2024-02-07

Инсон ҳаёти давомида ҳар бир қадамида давлат органларига мурожаат этишига тўғри келади. Бундай пайтларда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномадан тортиб, паспорт, никоҳ гувоҳномаси ёки айрим ҳолларда яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги гувоҳномасигача бўлган ҳужжатларга зарурат туғилади. Демак, ҳужжатлар маълум бир ижтимоий ва ҳуқуқий муносабатлар учун хизмат қилади. Шу боис ҳар бир ҳужжатнинг ўз вақтида расмийлаштирилишига эътиборли бўлиш даркор. Акс ҳолда биргина ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги овораю-сарсонгарчиликларга сабаб бўлиши мумкин.

Айни кунларда Адлия тизимида старт олган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” акцияси шу каби ҳуқуқий муаммоси бўлган фуқароларнинг мушкулини осон қилмоқда. 

Жорий йил 20 январдан 20 мартгача бўлиб ўтадиган ушбу акция давомида туғилиш, ўлимни қайд этиш ва ID-карта бериш юзасидан мурожаатлар қабул қилинади, рўйхатдан ўтказилмаган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш ва бошқа масалалар юзасидан аҳолига ҳуқуқий ёрдам бериш мақсад қилинган. 

Асатулло Эрназаров Сайхунобод тумани Гулбулоқ маҳалласида истиқомат қилади. Эътиборсизлиги сабаб туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини йўқотиб қўйибди. Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан ўтказилган хатлов жараёнида фуқаро айни шу муаммони айтиб мурожаат қилганди. 

Бугун Асатулло Эрназаровнинг мушкули осон бўлди, унга Сайхунобод туман ФҲДЁ бўлими томонидан экстерриториал хизмат кўрсатилиб, такрорий гувоҳнома расмийлаштириб берилди. 

–60 ёшимда қайта туғилдим, – дейди А.Эрназаров. 

Туманнинг “Турон” маҳалласида яшовчи Моҳира Боймуродова ҳам бир неча йиллар аввал туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини йўқотиб қўйган. Шу вақтга қадар ушбу ҳужжатга эҳтиёж сезмаган эди, бироқ ҳаётий зарурат туфайли энди гувоҳнома керак бўляпти. Моҳира опанинг ФҲДЁ бўлимига қилган мурожаати ижобий ҳал бўлди. Тегишли ҳужжатлар ўрганилиб, шу куннинг ўзида, атиги 8-10 дақиқа вақт оралиғида 1980 йил 15 апрелда туғилган фуқаро Боймуродова Моҳира Усмоновнага такрорий гувоҳнома расмийлаштириб берилди. 

Маълумот ўрнида: Адлия вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси бошланганидан шу кунга қадар Сирдарё вилояти бўйича 148 нафар шахсга тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.

Уларнинг 21 нафарига туғилганлик гувоҳномаси, 17 нафарига яқин қариндошларининг ўлими қайд этилган гувоҳнома, 32 нафарига такрорий ҳужжатлар берилди.

Шунингдек, адлия бўлимларига суд идораларига ариза киритиш учун 11 нафар уй шароитида туғилган болаларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар тақдим этилди, 32 нафар тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилди., 15 нафар фуқаронинг кўчмас мулк объектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. 431 та ҳолатда аҳоли ва тадбиркорларга барча турдаги сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири