Нурафшон шаҳрида Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.
– Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларга 494 минг 627 та, шундан вилоятнинг олис, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида 2 минг 500 дан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди, – деди бошқарма бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов. – Айни кунда вилоятда Давлат хизматлари марказларининг 7 та филиали фаолият олиб боряпти. Бугунги кунга қадар улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Вилоятда 10 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган.
Тадбирда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан 33 минг 741 та туғилиш, 10 минг 142 та никоҳ, 1 минг 941 та никоҳдан ажралиш ҳамда 8 минг 79 та ўлим қайд этилгани таъкидланди. Бундан ташқари, Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишда айрим қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 6 ойида ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида 13 минг 855 та қонунбузилиши ҳолати аниқланган. Уларнинг 264 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. Шунингдек, 11 та ҳолатда ортиқча ҳужжатлар талаб этилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан бошқарма томонидан ваколатли идораларга 94 та огоҳнома, 21 та тақдимнома киритилган.
Натижада, 70 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 164 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилган.
Президентимизнинг 2021 йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳада юридик ва жисмоний шахсларга бир қатор қулайликлар ва енгилликлар яратилди. Бу борадаги ҳуқуқий тарғибот ишлари бўйича Тошкент вилоятида тизимли ишлар бошланган.
А.Мусаев, ЎзА