Юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Янги-янги уй-жойлар, боғча, мактаб, стадионлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, қишлоғу шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшилмоқда.
Бу албатта, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, иқтисодиётни ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир. Жумладан, Жалақудуқ туманида ҳам кейинги йилларда қурилиш, бунёдкорлик, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
– Президентимизнинг ташаббуси билан чекка ҳудудларда саноатни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган дастурлар доирасида туманимизда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, – дейди Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматулло Латипов. – Айниқса, туманимизда енгил саноат ривожланиб, мазкур йўналишда янги- янги ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилмоқда.
Туманининг Туялас маҳалласида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг фаолият бошлаганига ҳам хали кўп вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан корхона томонидан “Само” бренди остида ишлаб чиқарилаётган сифатли ва бежирим трикотаж маҳсулотлари нафақат мамлакатимиз ички бозорида, балки қатор хорижий давлатлар бозорида ҳам харидоргир маҳсулотлар қаторидан ўрин олмоқда.
“Жалақудуқ кластер агросервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 8,7 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида ташкил этилган мазкур корхонада йилига 3,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда болалар, аёллар ва эркаклар учун 30 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонада йилига 6 миллон долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган.
–Корхонамиз жорий йилнинг 2- чорагида ўз фаолиятини бошлаган, - дейди “Жалақудуқ кластер агросервис” МЧЖ раҳбари Акромжон Ғаниев. – Корхонамизга асосан Италия, Япония ва Туркия давлатларидан келтирилган дастгоҳ ва ускуналар ўрнатилган, ишлаб чиқариш жараёни тўла автоматлашган.
Корхонанинг ишлаб чиқариш линиясига ақлли дастур жорий этилган. Бунинг натижасида маҳсулотнинг сифати онлайн тарзда назорат қилинади, ҳар бир линияда қанча маҳсулот ишлаб чиқарилаётганлиги назорат қилиб борилади. Энг асосийси, иш унумдорлиги бир неча баробар юқори бўлмоқда.
Ҳозир корхона маҳсулотлари МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. Шу кунларда корхона раҳбарияти томонидан қатор Европа давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотни экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
[gallery-15230]
Замонавий, барча қулайликка эга мазкур корхонада мингта иш ўрни яратилган бўлиб, айни кунда 800 нафар киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти хотин-қизлардир. Ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур барча шароит яратилган. Жумладан, бепул тушлик, дам олиш хоналари, ишчиларнинг ишга бориб- келиши учун транспорт ташкил этилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари