МИБ Қизириқ тумани бўлими давлат ижрочилари ажратилган имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилган уч нафар “уддабурон” тадбиркордан олти миллиард сўм маблағни тўлиқ ундирди.
МИБ Сурхондарё вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Қизириқ туманида яшайдиган Т.Собиржонов‚ М.Ҳалимов ва Д.Толибов (исм-шарифлар ўзгартирилган)ларга давлат дастури доирасида интенсив узумзор ва йилқичилик комплексини ташкил этиш учун имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Бироқ улар ўзлари тақдим этган лойиҳани амалга ошириш ўрнига олинган йирик миқдордаги кредит маблағини бошқа мақсадларга сарфлаб юборган.
Бу ҳолат Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинган. Суднинг ижро ҳужжатига мувофиқ МИБ туман бўлими давлат ижрочилари мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориб, қарздорлардан олти миллиард сўм миқдоридаги жиноий зарарни тўлиқ нақд пул шаклида ундирди. Шундан сўнг имтиёзли кредит маблағини талон-тарож қилган қарздорларга ва уларнинг мол-мулкларига нисбатан қўйилган барча тақиқ ҳамда чекловлар бекор қилиниб, ижро иши якунланди.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА