Жануби-шарқий Осиёда, Ҳиндихитой ярим ороли марказий, Малакка ярим ороли шимолий қисмида жойлашган Таиланд Қироллиги пойтахти – Бангкок шаҳри.
Таиланд – конституцияли монархия. Амалдаги қомуси 1997 йил 27 сентябрда қабул қилинган. Давлат бошлиғи – Қирол. Қонун чиқарувчи ҳокимият – 2 палатали парламент, яъни Миллий ассамблея. Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат Ижро ҳокимияти ҳисобланади. Расмий тил – тай тили. Пул бирлиги - бат.
Таиландда 7-15 ёш болалар учун мажбурий бепул таълим жорий қилинган. 1977 йилдан умумий таълим мактаби янги тизими қабул қилинган: бошланғич мактаб ва ўрта мактаб, ҳар бири 6 йилдан. Дарс тай тилида олиб борилади. Хусусий мактаблар ҳам бор.
Бангкокдаги Чулалонгкорн университети 1917 йил ташкил этилган.Шунингдек Таммасарт, Касетсарт университетлари, бир неча институт, коллеж талаба-ёшлар билан гавжум.
Таиландда 1946 йил ташкил этилган “Bangkok Post”, “Daily news”, “Nation”, “Thailand”, “The country of Siam”, “Сиам мамлакати ҳафта янгиликлари”, “Xinxiang jibao” каби тай, хитой, инглиз тилларидаги ўнлаб газета, журналлар, бир неча электрон нашрлар бор.
Эшиттиришлар 1938 йилдан, кўрсатувлар 1955 йилдан йўлга қўйилган. Миллий радиоэшиттириш хизмати ва Таиланд телевидениеси ҳукумат назоратида.
1977 йил 16 июнда очилган Таиланд ахборот агентлиги (ТНА) радио, телевидение, электроника, интернет, ижтимоий тармоқ ва бошқа воситалар орқали тайёрланадиган янгиликларни ишлаб чиқариш, тўплаш, таҳлил қилиш ва узатиш учун масъул асосий ташкилот саналади.
Эслатиб ўтамиз, Таиланд 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олган. 1992 йил 6 май куни икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида турли соҳаларда икки томонлама, шунингндек халқаро тузилмалар доирасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. Юртимизда Таиланд инвестицияси иштирокида 20 дан зиёд лойиҳа амалга ошириляпти, 100 фоиз Таиланд капитали асосида 6 та корхона фаолият юритмоқда. Ушбу мамлакат сармоядорлари орасида диёримизга қизиқиш тобора кучаймоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА