Халқаро DELF имтиҳонлари хорижликлар учун француз тилини эгаллаганлик даражасини аниқлаш учун ўтказилади.
Ушбу имтиҳонларга А1, А2, Б1, Б2, C1 ва C2 тиллари учун умумий Европа маълумотномаси (CEFR) нинг олтита даражасига мос келадиган олтита диплом киради.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларининг француз тили устозлари билан учрашув ҳамда тақдирлаш маросими ташкил этилди.
Унда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез, вазирлик мутасаддилари ҳамда педагоглар иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова тадбирни кириш сўзи билан очиб берди ҳамда сўнгги йилларда ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз юритди.
DELF халқаро сертификати синовларидан энг яхши натижа қайд этган устозларга сертификатлар топширилди. Шунингдек, тадбир доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва элчихона ўртасида мактаб ўқувчилари учун “DELF SCOLAIRE” имтиҳон марказларини ташкил этиш бўйича шартнома ҳам имзоланди.

Ушбу шартнома асосида “DELF SCOLAIRE” имтиҳонларини эндиликда нафақат Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Француз альянси марказларида, балки Ўзбекистондаги яна 6 та ҳудуддаги умумтаълим мактабларида топшириш имконияти яратилди.
Тадбирдан сўнг Франция элчиси учун Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти биноси бўйлаб экскурсия ташкил этилди ва институт кутубхонасига совға қилинган 380 та француз тилидаги китоб қабул қилиб олинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА