Кадастр агентлигига барча вилоят, туман ва шаҳарларнинг маъмурий чегараларини аниқлаш ишларини якунига етказиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаш вазифаси қўйилган эди.
Бу борадаги ишлар қандай ташкил этилди?
Агентликнинг маълум қилишича, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 апрелдаги “Маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш, ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ҳамда яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида туманларнинг маъмурий-ҳудудий чегараларини белгилаш бўйича, ҳудуддаги 10 та туман ва шаҳарнинг ҳамда 32 та тумандаги шаҳарча, қишлоқ ва овулларнинг маъмурий-ҳудудий чегараларини белгилаш ишлари бажарилди.
– Ўтган йили 32 та туманда ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ишлари бажарилиб, 5,8 млн. гектар майдонда ер участкаларини ўлчаш ва уларнинг электрон хариталарини яратиш ишлари якунига етказилди, – дейди Кадастр агентлиги бўлим бошлиғи Ихтиёр Эргашев. – Геодезия ва картография йўналишида Ўзбекистон Республикасининг “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги қонуни ҳамда Президентимизнинг 2022 йил 20 октябрдаги қарорига асосан, 97 596,2 кв.км. майдонда аэросуратга олиш ишлари бажарилди. 91 500 кв.км. майдонда ортофотопланлар яратилди. Шунингдек, 60 400 кв.км майдонда топографик хариталар янгиланди. 596 км. узунликда нивелирлаш, 154 та геодезик ўлчов ишлари бажарилди. 61 900 кв.км. майдонда очиқ турдаги хариталар яратилди. 55 800 кв.км. майдонда топографик хариталар нашр қилинди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг этноконфессионал атласи, 7- ва 9-синфлар учун атлас ва ёзувсиз хариталар тайёрланиб, чоп этилди. Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси давлат чегарасида делимитация чизиғи жойига кўчирилди. 80 та сунъий йўлдош станциялари пунктлари ўрнатилди, Андижон вилоятида маҳаллий координаталар тизимини ўрнатиш ишлари бажарилди.
Яна бир маълумот, 60 512 та географик объектларнинг номлари давлат экспертизасидан ўтказилиб, 23 445 та ном давлат реестрига киритилди. Шунингдек, 2024 йил 1 июнь ҳолатига ер тузиш ва ер кадастри лойиҳа қидирув ишлари бўйича жорий йил 1 чорагида 16 та туманда маъмурий-ҳудудий чегараларни белгилаш ва ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ишлари бажарилган бўлиб, шундан 8 та туманда бу борадаги ишлар якунига етказилди.
Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг интерактив рақамли харитаси ҳамда 8- ва 10-синфлар учун атлас ва ёзувсиз хариталар тайёрланди. Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси давлат чегарасида делимитация чизиғини жойига кўчириш ишлари ва сунъий йўлдош станциялари учун қурилган пунктларда геодезия ўлчов ишлари амалга оширилмоқда. Республиканинг 296 та аҳоли пунктида маҳаллий координаталар тизимини ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. 24 524 та географик объектларнинг номлари давлат экспертизасидан ўтказилиб, 3 465 та ном давлат реестрига киритилди.
Соҳада тизимли ишлар амалга оширилишига қарамай, ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, жумладан, ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Хусусан, жорий йилнинг 29 май ҳолатига республика бўйича ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаш билан боғлиқ 17 737 та (2 869 гектар) ҳолат аниқланди. Агентлик органлари томонидан берилган ёзма кўрсатмалар асосида 8 426 та ҳолатда 1 016 гектар майдондаги қонунбузилишларнинг ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳақида судларга 5 165 та (668,7 гектар) даъво аризалари киритилди. Ерга оид қонунбузилиши ҳолатларида жиноят аломатлари кузатилган 791 та (141,5 гектар) иш ҳужжатлари ўрнатилган тартибда прокуратура органларига юборилди.
Республика бўйича ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ 531 та (3 946,8 гектар) ҳолат аниқланиб, ушбу ерларга бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш юзасидан ҳокимликларга 521 та (3 937,3 гектар) тақдимнома ҳамда судларга 10 та (9,5 гектар) даъво аризалари киритилди.
Бир сўз билан айтганда, ер участкаларидан самарали фойдаланиш, ерлар, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мазкур жараёнларга ахборот технологияларини кенг жорий қилиш, соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш натижасида ерга оид қонунбузилиши ҳолатларининг олди олинмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА