57 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилди
Тошкент вилояти аҳоли томорқаларида жорий йилнинг март ойида 57 минг 241 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилди.
Тошкент вилояти аҳоли томорқаларида жорий йилнинг март ойида 57 минг 241 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишича, вилоятда қарийб 452 минг хонадоннинг 30,8 минг гектар томорқа ер майдони мавжуд бўлиб, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Айни пайтга қадар томорқаларнинг 16 минг гектари, яъни 52 фоизида эртаги экинлар, жумладан, 9,5 минг гектар майдонда сабзовот, 3 минг гектарда картошка, 706 гектарда полиз ва 1,7 минг гектарда бошқа экинлар, 12,1 минг гектарида эса ўртаги экинлар экиш мўлжалланган. 12 апрель ҳолатига кўра, режалаштирилган барча турдаги баҳорги экинлар деярли экиб бўлинди.
Коронавирус пандемиясига қарамасдан, вилоятда жорий йил баҳорги дала юмушлари, томорқада мева-сабзовот маҳсулотлари етиштириш ишлари бир зумга ҳам сусайгани йўқ.
Энг муҳими, вилоятда ҳар қарич ер, айниқса, томорқадан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўпланган. Ҳудуднинг ери унумдор, иқлими мўътадил, сув масаласида муаммо йўқ. Шу боис, вилоятда томорқаларида деярли барча ноз-неъматлар етиштирилади. Паркентнинг витаминларга бой узумлари ва картошкасини, Зангиотанинг қулупнайларини, Бўканинг мазали қовун-тарвузларини кўпчилик юртдошларимиз яхши билади. Янгийўл туманидаги Ниёзбош қишлоғи эса эртаги кўкатлари билан Россияни ҳам таъминлаётгани барчамизга маълум.
Томорқачиликда бу йил яхши бир ташаббусга қўл урилди. Аҳоли томорқаларига арзон кўчат, уруғликлар етказиб бериш мақсадида барча туманларда “Томорқа – 2020” ярмаркалари ўтказилди. Бундай тадбир табиийки, ўз самарасини бермоқда. Вилоятда “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 53,4 минг аҳоли хонадони билан маҳсулот етиштириш ва сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди.
Март ойида аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 27 минг 475 тоннаси ички истеъмол учун бозорларда арзон нархларда сотилади.
Шу билан бирга, пойтахт ва вилоятдаги деҳқон бозорларида 175 та қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасини ташкил этиш режалаштирилган. Ярмаркаларда деярли барча туманлар иштирок этиб, унда турли сабзовот, мева билан бир қаторда, мол, қўй ва товуқ гўшти ҳам сотувда бўлади.
Мухтасар айтганда, вилоятда жорий йилда томорқадан 2-3 маротабадан ҳосил олишга бел боғланди.Маҳсулотларнинг аҳоли истеъмолидан ортган қисми пойтахтдаги харидорлар ва хориждаги истеъмолчиларга етказиб берилади.