Қозоғистоннинг Остона шаҳрида 57-Халқаро Менделеев олимпиадасининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бу йилги олимпиадада дунёнинг 21 давлатидан ташриф буюрган 113 нафар иқтидорли ўқувчи ўзаро куч синашди.
Олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, юртимиз ўқувчилари 2 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Азизбек Назаров ҳамда Учтепа туманидаги 81-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Маҳмудов олтин медал соҳиби бўлди. Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Соҳибжон Дилмуродов, Бухоро шаҳридаги 35-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Далер Раҳимов, Учтепа туманидаги 81-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Азизбек Каримов кумуш медални қўлга киритди. Бухоро давлат тиббиёт институти академик лицейи 2-босқич ўқувчиси Азизбек Ҳафизов ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Ҳакимова бронза медалига сазовор бўлди.
Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Н.Усмонова, ЎзА