Мальталик машҳур шоколадчи Эндрю Фарружия узунлиги 55,27 метрли шоколад-поезд ҳайкалини яратиб, “Guinness World Records” рўйхатига киритилди.
Бельгия маҳсулотидан тайёрланган ушбу ноёб асар Олимпия ўлчамидаги сузиш ҳавзасидан ҳам узунроқ. Локомотив ва 22 вагондан иборат мазкур композициянинг ҳар бир қисми тахминан 160 килограмм. Лойиҳага тайёргарлик жараёни бир йил давом этган, ҳайкални яратиш эса тўрт ойга чўзилган бу жараёнда Мальта ва Италия ошпазлик мактаби талабалари ҳам иштирок этган. Жами 5 000 га яқин майда унсур тўлиқ қўл меҳнати маҳсули. Энг мураккаб босқич улкан экспонатни шикаст етказмай Милан шаҳрига етказиш бўлди. Фарружия аввал ҳам бир неча бор шоколад ёрдамида рекорд ўрнатган. Жумладан, 2012 йил Брюсселда 34 метрлик поезд, 2014 йил эса Дубай шаҳридаги “Burj Khalifa” биносининг 13,5 метрлик нусхасини яратган. Афсуски, узоқ вақт очиқ ҳавода намойиш қилингани боис, "санъат асари" мақомидаги бу ширинликларни истеъмол қилиб бўлмайди.
Ф. Яхшибоева, ЎзА