Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
52 минг гектардан зиёд экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади
10:06 / 2021-08-13

Республикамизнинг чекка худудларида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан жойларда ҳудудий cеминар-йиғилишлар ташкил этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг  жорий  йил 29 июлдаги  “Россия Федерациясининг Давлат тараққиёт корпорацияси “ВЭБ.РФ” иштирокида Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95 та насос станцияcини модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида насос станцияларини модернизация қилиш, электр энергиясини тежаш ҳамда суғориладиган ерларни сув билан барқарор таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб берилган.  

Мазкур қарорга асосан Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги 6 та, Косон туманидаги 2 та, Ғузор туманидаги 5 та, Яккабоғ туманидаги 1 та ва Қарши туманидаги 2 та насос станцияси модернизация қилинади. Ғузор туманидаги “Дўстлик-1, 2, 3” насос станциясида ўтказилган семинар-йиғилишда бу борада амалга ошириладиган вазифалар белгиланди.

Семинарда таъкидланишича, модернизация қилиниши режалаштирилаётган насос агрегатлари кўп йиллардан буён эксплуатация қилиб келинаётганлиги туфайли маънавий эскирган. Уларнинг носоз ҳолатга келиб қолганлиги, етарли миқдорда сув чиқариб бера олмаётганлиги сабабли эксплуатация харажатлари кескин ошиб, бириктирилган майдонлардаги сув таъминоти камайган.

Насос станциялари Россия Федерациясининг “Внешэкономбанк”и иштирокида модернизация қилиниб, улардаги 74 дона насос агрегати янгиланади.Электр қурилмалари замонавийсига алмаштирилади ва бошқарув тўлиқ автоматлаштирилади. Замонавий SCADA тизими жорий қилиниши натижасида 52 минг гектардан зиёд экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади. Бундан ташқари, 10 минг гектардан ортиқроқ ер қайтадан фойдаланишга киритилади. Йилига 2298 миллион сўмлик 5,1 миллион  кВт электр энергиясини иқтисод қилишга ҳамда 1014,8 миллион сўмлик эксплуатация харажатларини қисқартиришга эришилади.

Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги “Нарпай” насос станциясида ўтказилган семинар-йиғилишда Пахтачи туманидаги 2 та, Нарпай туманидаги 4 та, Каттақўрғон туманидаги 3 та, Пайариқ туманидаги 4 та, Булунғур ва Ургут туманларида биттадан, жами 15 та насос станциясини модернизация қилиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Ушбу насос станцияларидаги жами 77 дона насос агрегати янгиланиши натижасида йилига 1 минг 973 миллион сўмлик 4,3 миллион кВт электр энергияси тежалиб, 1592,7 миллион сўмлик эксплуатация харажатлари қисқаради.

Семинар-йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахасисларидан атрофлича жавоб олди.

Бундай семинар-йиғилишлар Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Муҳайё  Тошқораева, ЎзА