“Ф.Н.” масъулияти чекланган жамияти масъул шахслари паррандачиликка ихтисослашган бинонинг электр ҳисоблагич муҳрини ўзбошимчалик билан носоз ҳолатга келтириб, 766,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган.
Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.
Департаментнинг Пахтачи тумани бўлими томонидан электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Б.Г. ва бошқалар “Можар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадоннинг электр ҳисоблагичини уч фазали электр ҳисоблагичга алмаштириб, 12 та тўпламдаги майнинг крито-активлари қурилмаларини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаган. 209,2 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани ойдинлашди.
Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан газ идоралари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “C.И.” масъулияти чекланган жамияти раҳбари И.И. ва бошқалар масъулияти чекланган жамият томонидан кўп қаватли турар жой биносини газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 319,5 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдалангани фош этилди.
Департаментнинг Қибрай тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса "P.Е." масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қ.М. “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги қурилиш таъмирлаш биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 134,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жами 517 миллион сўм зарар етказилган.
Департамент матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА