Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида янги замонавий турдаги Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида 500 ўринли талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда мазкур олий ўқув юрти жамоаси, нуронийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М. Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири А. Аяпов, университет ректори, академик А.Реймов сўзга чиқиб, йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрами ҳамда янги талабалар турар жойларининг фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори олий таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларни олий таълимга қамраб олиш, улар учун барча қулай шароитларни яратиш бўйича ишлар янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Фойдаланишга топширилган талабалар уйининг қурилиш ишларига 27,804 миллиард сўм маблағ ажратилиб, “Argoniya” масъулияти чекланган жамиятининг тажрибали қурувчилари томонидан қисқа муддатда сифатли битказилди.
Тадбир давомида мазкур масъулияти чекланган жамияти директори М.Ходжаниязов томонидан янги қурилган талабалар турар жойининг калити Қорақалпоқ давлат университети ректорига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар талабалар турар жойининг шароитлари билан танишиб, талаба-ёшлар билан суҳбатлашишди.
Бугунги кунда Қорақалпоқ давлат университетида 2 минг 709 ўринга мўлжалланган 10 та талабалар турар жойи мавжуд. Жорий йилнинг октябрь ойида давлат-хусусий шериклик асосида яна 400 ўринга мўлжалланган битта талабалар турар жойи биноси фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу ўз навбатида талабаларни ётоқхона билан қамраб олиш даражасини 50 фоизгача оширади.
[gallery-24975]
Талабалар турар жойида ёшларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, дам олиши, қўшимча тўгаракларга қатнашиши, билим олиши учун барча шароитлар яратилган. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббусни талабаларимиз ўртасида оммалаштириш мақсадида замонавий ахборот технологиялари, компьютер хоналари, ахборот ресурс маркази, санъатга қизиқувчи ёшлар учун барча қулайликларга эга тўгараклар мавжуд. Шу билан бирга, овқатланиш, ювиниш, интернет тармоғидан фойдаланиш, газета-журналлар ўқиш, телевизор томоша қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Шунингдек, ётоқхона талабалар учун мебель жиҳозлари, замонавий электр печлари, музлатгичлар, кир ювиш машиналари, микротўлқинли печлар, сув иситиш ускуналари каби маиший техникалар билан таъминланган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА