Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
500 дан ортиқ ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди
13:28 / 2021-08-10

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида пресс-брифинг бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларни тузиш ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.  

 Пресс-брифингда муҳокама қилинадиган биринчи масала бўйича Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Қўчқоров маълумот берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун сайлов округларини тузиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, уларнинг вазифалари, тузиладиган округлар рўйхати, уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссиялари жойлашган жой ҳақида маълумот берилди.  

 Ҳар бир сайлов округидаги сайловчилар сони йиғилиш ўтказилган санагача сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимининг маълумотлари асосида аниқланган. Округ сайлов комиссияларининг жойлашуви Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан таъминланади.  

 Сайлов кодексининг 9 -моддасига мувофиқ,  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.  

 Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази пресс-брифингида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 14 та сайлов округлари тузиш тўғрисида маълумот берилди.  

 Сайлов округлари рўйхати, уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашуви кўрсатилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.  

 Пресс-брифингда, шунингдек, ОAВ вакилларини аккредитация қилиш масаласи тўғрисида ҳам маълумот берилди.  

 Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқа қилиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, сайловолди ташвиқоти пайтида объектив маълумотларни кенг қамровда, тезкор ва мустақил тарқатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.  

 Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари вакиллари бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳамда овоз натижаларини санаб чиқиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари вакилларининг бу каби ваколатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак.  

 Қонунчилик талабларига кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёни бошланган. Оммавий ахборот воситалари сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган кундан бошлаб аккредитация қилиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу мурожаатларни қабул қилиш сайловдан ўн кун олдин тўхтатилади.  

 Бугунгача Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказишни сўраб бир қатор оммавий ахборот воситаларидан мурожаатлар келиб тушган. Йиғилишда 500 дан ортиқ ОАВ вакилларига аккредитациядан ўтказиш бўйича тегишли гувоҳномаларни бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.  

 Нурилло Насриев, ЎзА