Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
50 миллион сўмгача бўлган муаммоли кредитлар 2,7 триллион сўмни ташкил этмоқда
12:36 / 2025-11-18

Бугунги кунда кўпчилик юртдошларимиз банк ва кредит ташкилотларидан муайян мақсадлар учун кредит олиб фойдаланмоқда. Аммо кредит қарздорлигини ўз вақтида қайтармаслик турли низоларни келтириб чиқаради. Марказий банк маълумотларига кўра, бугунги кунда қарздорлик суммаси 50 миллион сўмгача бўлган муаммоли кредитлар 2,7 триллион сўмни ташкил этмоқда. Яъни, бу 261 минг 129 та шартномани ташкил қилади.

Муаммоли кредитларни ундиришда кредит ташкилотлари томонидан гаров нарсасига ундирувни қаратиш жараёни ўртача 187 кундан 612 кунгача бўлган муддат сарфланишига, бу эса кредит ташкилотлари ва жараёнда иштирок этувчи тегишли давлат органларининг қўшимча ресурслари сарфланишига сабаб бўлмоқда. Натижада амалиётда кредитор талабини қондириш муддатлари чўзилишига олиб келмоқда. Бу эса кредит қарздорликларининг ундирилмаслиги ҳамда муаммоли кредитлар улушининг ошишига сабаб бўляпти.  

Эндиликда бу каби ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш масаласи кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.  

[gallery-26312]

Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев мазкур лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар бўйича батафсил маълумот берди:

— Президентимизнинг тегишли қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси суд ишларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ва иқтисодий фаолиятнинг самарадорлигини оширишга қаратилган. Хусусан, Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини соддалаштирилган тартибда кўриб чиқишга асос бўлувчи даъво миқдорини ошириш бўйича ўзгартиришлар киритилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, даъвонинг баҳоси жисмоний шахсларга нисбатан БҲМнинг беш баравари, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан БҲМнинг ўн баравари, юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг йигирма баравари миқдоридаги низолар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади. Аммо бу суммалар камлиги, банклар томонидан ажратилаётган кредит маблағлари эса бундан бир неча баробар кўплиги сабабли банклар томонидан муаммоли кредитларни соддалаштирилган тартибда ундириш учун даъво аризаси билан судларга мурожаат қилиши имконсиз бўлиб қолмоқда.  

Қонун лойиҳаси билан соддалаштирилган тартибда кўриладиган иш бўйича даъвонинг максимал баҳоси фуқаролик низолари бўйича юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 150 баравари, якка тартибдаги тадбиркорларга БҲМнинг 100 баравари, жисмоний шахсларга БҲМнинг 50 баравари, иқисодий низолар бўйича эса юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 150 баравари, якка тартибдаги тадбиркорларга БҲМнинг 100 баравари этиб белгиланмоқда. Бу ўзгаришлар натижасида кўплаб фуқаролик ва иқтисодий низолар судда тезкор ҳал этилади, суд қарорлари эса одатдагидан тезроқ қонуний кучга киради. Масалан, жами 2,7 триллион сўмни ташкил этаётган 50 миллион сўмгача бўлган муаммоли кредитлар бўйича ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш натижасида муаммоли кредитлар 13 фоизга камаяди,  — деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида умумий тартибда кўрилаётган ишларнинг аксарият қисми соддалаштирилган тартибда кўрилади ва бу ишлар бўйича суд қарорларининг кучга кириш муддати 30 кундан 10 кунга қисқариши натижасида банклар балансидаги ҳаракатсиз ва муаммоли активлар улуши камаяди ҳамда иқтисодий низолар тезроқ ҳал этилади. Шу билан бирга, суд тизимидаги юклама камайиб, банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий барқарорлик таъминланади.

Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар олинди. Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА