Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
5 ёшида 2-синф масалаларини ечган, 31 ёшида фан доктори бўлган ёш ўзбек олими: “замонавий оммалашган алгебра нима учун керак?” 
12:32 / 2021-02-03

Илм-фан ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган буюк алломалардан бири, алгебра фани асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмийни бутун дунё танийди.

Юртимизда буюк аждодимизга муносиб издош бўлишга ҳаракат қилаётган ёшлар жуда кўп. 

Математика илми ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ёш олим, 31 ёшида фан доктори илмий даражасига сазовор бўлган Аброр Худойбердиевни ана шундай зиёлилардан бири, десак, муболаға бўлмайди. Аброр Худойбердиев 1985 йили Тошкент вилояти Бўка туманида туғилган. 2001-2005 йилларда бакалавр, 2005–2007 йилларда магистратура босқичида таҳсил олган. Ўзбекистон Миллий университети Алгебра ва функционал анализ кафедраси профессори, физика ва математика фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти етакчи илмий ходими. 2010 йилда номзодлик, 2016 йилда эса докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. «Шуҳрат» медали соҳиби. 

Унинг ҳаёт йўли кўпчилик ёш ва бўлажак олимларга ибрат ва илҳом бағишлаши, шубҳасиз.

«5 ЁШИМДА 2-СИНФ МАСАЛАЛАРИНИ ЕЧАРДИМ...»

Ўзим математиклар оиласида дунёга келганман. Болалигимда ота-онамнинг фаолиятини катта қизиқиш билан кузатардим. Секин-аста мен ҳам математика фанига меҳр қўя бошладим. Қуш уясида кўрганини қилади, деб бежиз айтишмас экан. Гарчи мактабга бормасам-да, 1- ва 2-синфда таҳсил оладиган акам ва опамнинг математика китобида берилган мисолларни бирга ўтириб ишлардим. Ўшанда 5 ёш эдим. Менинг бу қобилиятим тез орада бутун қишлоққа тарқалди. Ҳаттоки мактаб ўқитувчилари «Шу кичкина бола мактаб мисолларини ечаяптими?» деб ҳайратланишган. Математикага бўлган қизиқишимни янада ривожлантириш мақсадида ота-онам менга математикага оид қўшимча масала ва тушунчаларни ўргата бошлаган.

Авваллари синфларда ўқувчилар сони кам бўлган пайтларда иккита синфни бирлаштириб дарс ўтилар эди. Менинг қишлоғимдаги мактабда ҳам шундай бўлган. 2-синфда ўқиб юрган пайтларимда бизнинг синфда 10 та ўқувчи, 3-синфда эса атиги 4 нафар ўқувчи бор эди. Кичик синф бўлишимга қарамай, устозим доим мени 3-синфлар қаторига қўшиб, улар ечадиган масалаларни берар эди....

Даставвал, математика фанига оддий қизиқиш билан қараган бўлсам, йиллар ўтгани сари, бу фан ҳаётимнинг мазмунига айлана бошлади. Мақсадни ҳамиша юқори чўққини забт этишга йўналтир, шунда унинг рўёбини кўрасан, дейишади. Мен фақат математика фанидан тенгдошларим орасида «биринчи» бўлишга интилдим. Ўзимга муносиб рақобатчи излашга тушдим.

МАРД МАЙДОНДА СИНАЛАДИ...

"Мард майдонда синалади", деганларидек, фан бўйича турли олимпиадаларда қатнашиб, ижобий натижалар кўрсатишни бошладим. Лекин бу мени қониқтирмасди. Сабаби, ўша пайтда мактабимизда, ҳатто туманимизда ҳам менга қарши рақобатчи ўқувчи бўлмаган. Мактабда энг яхши ўқувчи мақомини олиб, туманга келганман. У ерда яна ўз устимда ишлашимга тўғри келди. Кейинчалик туман миқёсида ҳам ўша «энг яхши» деган номга сазовор бўлдим. Орадан йиллар ўтгач, навбатдаги олимпиадада қатнашиш истагида вилоят миқёсига чиқдим. Бироқ ғолиблик шоҳсупасига чиқа олмадим. Ҳали кўпроқ ўқишим ва ўз устимда ишлашим кераклигини тушундим.

Мактабни тамомлагач, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетига ҳужжатларимни топширдим. Мандат куни ўз исм-шарифимни 9-ўриндан топдим ва мен билим жиҳатдан шу ўринда турганимни англадим. Сўнг яна юқорига интилишни давом эттирдим. Талабалик ва магистратура даврида энг билимдон талабага айланишга муваффақ бўлдим. Натижада устозлар назарига тушдим. Магистрлик диссертациямни ҳаётимда муҳим роль ўйнаган инсонлардан бири академик Шавкат Аюпов раҳбарлигида ҳимоя қилдим. 

Олийгоҳга киргач, яна олимпиадаларда қатнаша бошладим. Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам аъзо бўлдим. Лекин ўша вақтларда халқаро алоқалар у қадар яхши йўлга қўйилмаганлиги учун халқаро олимпиадада иштирок этиш насиб қилмади. Магистратурани тамомлагач, Бутун Жаҳон фанлар академиясининг 3 ойлик ёзги мактабига боришга муваффақ бўлганман. Шундай қилиб, 2007 йили илк сафаримни Ҳиндистондан бошладим. Қайтиб келгач, аспирантурага ўқишга қабул қилиндим. 

УНУТИЛМАС КУН!

2014 йили 29 ёшда эдим. Жанубий Корея давлатида халқаро математиклар конгрессида иштирок этдим. Испания давлатида 2 ойлик илмий сафарда бўлдим.

Айнан шу йили устозим академик Шавкат Аюпов Бутун жаҳон фанлар академиясининг ёшлар секциясига аъзо бўлиш учун мени тавсия қилганлиги ва ҳужжатларимни тайёрлаб, тақдим қилишимни айтдилар. 

Ёшлар академияси секциясига аъзо бўлдим. Ҳаётимдаги унутилмас воқеа шу йили бўлди, яъни Омон Султонлигида ўтказилган конгрессда Бутун жаҳон фанлар академияси президенти Баи Чунли  қўлидан диплом ва гувоҳнома олдим.

ИЛМ-ФАННИНГ ЗАМОНИ КЕЛДИ

2007 йили Ҳиндистонга бўлган сафаримда уларнинг биз билан илм-фанга бўлган муносабатининг ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини кўргандим. Ўша пайтда тенгқурларимнинг илм билан шуғулланаётганини кўриб, уларга бўлган кўмак, жамиятда қўллаб-қувватланишига жуда ҳавас қилганман. Бизда ҳам қачондир шундай ҳолат бўлармикан? Тенгдошларимнинг улардан илм ва иқтидор жиҳатидан кам жойи йўқ, деган туйғу қалбимни тимталади. Қандайдир оғир жараёнларни бошимиздан ўтказиб қайтиб келганмиз.

Минг шукрки, бугун ана шу кўнглимиз тубидаги орзу-умидларимиз рўёбини кўрмоқдамиз. 

МАТЕМАТИКА – КЕНГ ҚАМРОВЛИ ФАН

Ҳозирга қадар ассоциатив бўлмаган алгебралар назариясини ўрганиш ва уларни тавсифлаш масалаларига доир муаммолар билан шуғулланиб келмоқдаман. Математика– бу бир уммон. Ташқи томондан назар солсангиз, ҳаммаси бир-бирига ўхшаб кетадиган оддий масала ва мисолдай кўринади. Мактаб дастуридаги баъзи бир тасаввурларга эга бўлган инсонлар уни оддий саноқ сонлардан иборат деб ўйлайди. Аслида, ундай эмас.

Математика — жуда кенг қамровли фан. Биринчи навбатда, ҳисоб-китобдан ташқари инсонда мантиқий фикрлашни шакллантиради. Шу сабабли бежизга бу фанни бошқа соҳа вакиллари ҳам ўрганиши бот-бот таъкидланмаяпти. Шунинг учун ҳам кўплаб олий ўқув юртлари кириш имтиҳонларига математика фани ҳам тест синови сифатида қўшилган.

Математиканинг ўзига келадиган бўлсак, у бир нечта тармоқ ва йўналишлардан иборат. Ҳозирги кунда математика шу даражада ривожланиб кетдики, ҳаттоки бир-бирига яқин йўналишга эга бўлган математикларнинг илмий изланишлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади. 

Ўзим талабалик давримда бир нечта соҳаларга қизиққанман. Тенгламалар ёки алгебра соҳаси билан шуғулланиш борасида йўналиш танлашга қийналганман. Уларнинг фарқини қараб кўрганман. Ўйлайманки, инсоннинг ўзида айнан қайси соҳа билан шуғулланиш бўйича ички бир сезги бўлиши керак. Илм билан шуғулланиш осон иш эмас. Унга меҳр бермасангиз, у зиё уруғини сочмайди. Ўша пайтда алгебра соҳаси менинг эътиборимни кўпроқ жалб қилганди. Шундай қилиб, танловимни қабул қилдим.

ЗАМОНАВИЙ ОММАЛАШГАН АЛГЕБРАЛАР НИМА УЧУН КЕРАК?

Ҳозирги замонавий алгебрада, айтайлик, XX асрнинг ўрталарида ассоциатив алгебра ва бошқа классик алгебралар вужудга келган бўлса, ўтган асрнинг 90-йилларидан сўнг ассоциатив бўлмаган, Малсев алгебралари, Лейбнис алгебралари, Зинбиел алгебралари каби бир қатор шунга ўхшаш алгебралар оммалаша бошлади. Айнан академик Шавкат Аюповнинг ташаббуси билан бу янги оммалашаётган алгебралар билан шуғулланишга киришдим.

Хўш, соҳа йўналиши бўйича қандай илмий ишлар қилинади? Асосан, объектларнинг хоссалари ўрганилади. Қандай илмий хоссалари мавжуд ёки уни таснифлаш усуллари яратилади?

Қандай муҳим синфлари тавсифланади? Яъни таснифлаш деганда, айнан қандай алгебра мавжуд? У ерда изоморфизм тушунчаси бор. Изоморфизм аниқлигида нечта алгебра бор, деган саволга жавоб топилади. Буларнинг аксарияти кейинчалик физика масалаларида ўз талқинини топади. Айнан шу йўналишларда илмий йўналишларни ҳозир ҳам давом эттирмоқдамиз.

ҲАЁТДАГИ ҚИЙИНЧИЛИК

Ҳаёт кураш ва қийинчиликлардан иборат. Ҳар бир инсонда, менимча, олийгоҳни тугатгач, энди нима қиламан, деган савол кўндаланг турса керак. Менда ҳам шундай бўлган. Магистратурани тамомлагач, то аспирантурага киргунимга қадар қийинчиликларга дуч келганман. Биринчидан, молиявий томондан. Иккинчидан, фикримни бир жойга жамлай олмаганман. Илмий ишларим ҳам бироз жойида тўхтаб қолгандай бўлган. Ўша пайтда ёшлар ва олимларга эътибор анча оқсаган эди. Минг шукрки, мени ардоқлаган устозларимнинг кўмагида бу жараёнларни енгиб ўтдим.

АМАЛИЙ МАТЕМАТИКАНИ КУЧАЙТИРИШ КЕРАК”

Юртимизда фундаментал математика яхши ривожланган. Амалий математикада бироз оқсоқланишлар бор. Улар иккаласи ҳам бошқа-бошқа соҳа саналади. Фундаментал математикадаги тушунча ва тасаввурлар ҳаётдан анча илгарилаб кетган. Ундаги натижаларни ҳаётга бевосита татбиқ қилиш қийин. Улар маълум йиллар, балки асрлар ўтибгина ҳаётда татбиқини топади. Йиллар давомида фундаментал математика билан шуғулланган олимлар бирданига амалий математика билан шуғуллана олмайди.

Амалий математикада эса иқтисодиётнинг реал секторига фойда келтирадиган масалаларнинг математик модели яратилиб, уларнинг ечими топилади. Бунда фундаментал математикада аввал назарий жиҳатдан исботланган натижалар ва яратилган усуллардан фойдаланилади.Ушбу натижаларни ишлаб чиқариш, биология, кимё, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳаларга қўллаш мумкин.

Севара Абдуллаева, ЎзА