Сўнгги пайтларда экологик муаммолар кўпайиб, иқлим ўзгариши, турли қум бўронлари ва чангли ҳаво кузатилмоқда. Бу каби вазиятларни юмшатиш мақсадида яшилликни кенгайтириш, чўл ҳудудларида яшил қопламаларни кўпайтириш, саксовул уруғи ва кўчатларини экиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олимларнинг фикрича, саксовулнинг илдизи бақувват бўлиб, бир тупи 10 тоннагача қумни мустаҳкамлаб, кўчкиларга йўл бермайди. Илдизи тупроққа чуқур кириб бориб, қумни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маълумотларга кўра, яшил қопламалар қум бўронларининг олдини олиб, 3 йиллик саксовулзорда қум кўчиши 55 фоизга, 5 йилликда эса 79,5 фоизга камаяр экан.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида Қизилқум чўли ҳудудида 50 минг гектар чўл ўсимликлари, жумладан, саксовул, қандим, тамарикс ва бошқа дарахт-буталар экилиши режалаштирилган. Жорий йилда 10 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилиши кўзда тутилган.

Айни шу мақсадда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев бошчилигида Тупроққалъа туманининг чўл ҳудудида Хоразм вилояти партия ташкилоти томонидан саксовул уруғи ҳамда кўчатини экиш бўйича семинар ўтказилди. Мутахассислар иштирокидаги семинарда дастлаб зарур тушунтиришлар бериб ўтилди.

Мазкур акция доирасида 10 гектар майдонга 10 минг туп саксовул кўчатлари экилиши режалаштирилган. Қайд этиш жоизки, чўлланиш ва қўм бўронларининг олдини олиш, экологик муаммоларни бартараф этишда бу каби кўчат экиш ишлари муҳим ўрин тутади. Яшил қопламаларни кўпайтириш, мавжудларини асраб-авайлашда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши, табиат олдидаги бурчини, масъулиятини ҳис қилиши мақсадга мувофиқдир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА