Охирги 5 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатлари бўйича 310 та вазият рўй берган. Бу жараёнларда 2,5 минг нафар фуқаро жабрланган, ўлим ҳолатлари ҳам аниқланган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев айтиб ўтди. Мажлисда “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилар экан, қўмита раиси унда кўзда тутилаётган нормалар ҳақида батафсил маълумот берди:
— Амалдаги “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлашдаги замонавий талабларга, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг санитария-фитосанитария чораларини қўллаш тўғрисидаги келишуви тамойилларига ҳамда Алиментариус кодекси стандартларига жавоб бермайди. Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлашда қўлланиладиган халқаро принциплар, стандартлар ва амалиётлар акс эттирилмаган. Ваколатли давлат органларининг вазифалари аниқ белгиланмаган.

6 та боб, 47 та моддадан иборат ушбу янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида давлат органларининг озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари белгиланмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги санитария чоралари, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш ва қўллаш тартиби ЖСТ битими талаблари билан уйғунлаштирилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулоти ва озуқанинг хавфсизлигига қўйиладиган умумий талаблар, озиқ-овқaт бизнеси операторларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари назарда тутиляпти. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотининг хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими асосида доимий тартибларни ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва қўллашга қўйиладиган талаблар ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати механизмларини такомиллаштиришга, ваколатли давлат органларининг вазифаларини аниқ белгилашга, тизимнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида бир қатор саволлар ўртага ташланди. Жумладан, депутатлар Шуҳрат Якубов ва Борий Алихонов лойиҳада гени ўзгартирилган маҳсулотлар — ГМО масаласи эътиборга олинмагани, айнан ушбу қонун билан геномодификация қилинган маҳсулотлар масаласини ҳам тартибга солиш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Баҳодир Юсупалиев депутатларнинг таклифи долзарб эканини эътироф этиб, ушбу масала иккинчи ўқишгача қонун лойиҳасига киритилишини маълум қилди.
Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА