Қатар пойтахти Доҳада шахматнинг блиц ва рапид йўналиши бўйича ўтаётган ФИДE жаҳон чемпионатининг дастлабки тур ўйинлари ортда қолди.
Рапид йўналишининг очиқ мусобақаларида 5 та, аёллар ўртасида эса 4 та тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Дунёнинг энг кучли 396 нафар шахматчиси қатнашаётган очиқ турнирнинг биринчи кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Жавоҳир Синдоров ўтказилган 5 та турнинг 3 тасида ғалабага эришди ва 2 тасида дуранг натижа қайд этди ва 4 очко билан 247 нафар иштирокчи орасида қўшимча кўрсаткичлар эвазига 13-ўринни банд этиб турибди.

Мамлакатимизнинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов эса 5 та турда 3 та ғалаба, 1 та дуранг ва 1 та мағлубият ҳисобига 3,5 очкога эга бўлиб турибди. Худди шунингдек, 2 та ғалаба, 3 та дурангга эришган Муҳиддин Мадаминов ҳисобида ҳам 3,5 очко мавжуд.
Очиқ мусобақаларда қатнашаётган юртимиз шахматчиларидан Жаҳонгир Воҳидов, Ҳумоюн Бекмуродов, Шамсиддин Воҳидов ҳисобида 2,5 очко бор, Муҳаммадзоҳид Суяров 5 та ўйинда 1 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Мусобақада Магнус Карлсен, Аржун Эригаиси, Максим Вашье-Лаграв, Домаражу Гукеш, Владислав Артемьев 4,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Аёллар гуруҳида 141 нафар иштирокчи орасида дона сураётган шахматчи қизларимиздан Афруза Ҳамдамова 4 та турнинг 3 тасида ғалаба, 1 тасида мағлубият қайд этди. Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Гулдона Каримова, Умида Омонова 2 очко билан, Мадинабону Халилова 1,5 очко ва Нилуфар Ёқуббоева эса 0,5 очко билан чемпионат баҳсларини давом эттирмоқда.

Бугун, 27 декабрь куни рапид баҳсларининг очиқ мусобақаларида 6-9-тур учрашувлари, аёллар баҳсида 5-8-тур мусобақалари ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг рапид йўналиши ғолиб ва совриндорлари 28 декабрь куни аниқланади. Чемпионат 31 декабрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА