АОКАда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Отабек Усмонов иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 2024 йилнинг январь-июнь ойлари давомида давлат буюртмачилари томонидан товар, иш, хизмат ва қурилиш соҳаларида ўтказилган бошланғич қиймати 6,065 триллион сўмлик 9 минг 322 та танлов (тендер) савдолари юзасидан таҳлиллар олиб борган. Бунинг натижасида 5 минг 153 та савдо жараёнида 6 минг 611 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди.
Қўмита томонидан жами 5 минг 153 та харидларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, шундан 3 минг 423 таси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ваколат доирасида чоралар кўриш бўйича тақдим этилган. 157 та харидлардаги қонунбузилишлар буюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилган. Шунингдек, 1 минг 573 та харид юзасидан 562 та иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган. Давлат харидларида қонунбузилишларга йўл қўйган 535 та мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Қўмитага келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилгани аниқланди.
Жумладан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг бошланғич қиймати 7 миллиард 800 миллион сўмлик ахборотлаштириш қурилмаларини етказиб бериш бўйича танлов савдоси эълон қилинган. Мазкур танлов савдосида қонунчилик талаблари бузилган деб топилиб, Қўмитанинг тегишли қарор ва кўрсатмаси берилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ҳудудий филиаллари жумладан, Тошкент шаҳар ҳудудий филиали томонидан 2024 йил 7 февралда эълон қилинган бошланғич қиймати 6 миллиард 400 миллион сўмлик “Трансформаторларни таъмирлаш хизматлари” учун ҳамда Жиззах вилояти ҳудудий филиали томонидан эса бошланғич қиймати 1 миллиард 575 миллион сўмлик ўтказилган танлов савдоларида ҳам қонунчилик талаблари бузилган деб топилган ва буюртмачига танлов савдолари натижаси бекор қилиниши бўйича Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмаси берилган.
Фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация марказининг 2024 йил 6 февралда эълон қилинган “Шифохонада даволанаётган беморларга тайёрланадиган парҳез таомларни тайёрлаш учун аутсорсинг хизмати” бўйича 1 миллиард сўмдан ортиқ тендер савдоларида қонунбузилиш аниқланган ва уни бекор қилиш бўйича ҳам Қўмитанинг тегишли кўрсатмаси берилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА