Ер — давлат мулки. Дарҳақиқат, у умуммиллий бойлигимиз ҳисобланади. Шу боис ердан унумли, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Аммо ер қонунчилигига оид кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, айрим ҳолатларда ерларни ноқонуний эгаллаш ва рухсатсиз қурилиш ишлари давом этмоқда.
Кадастр агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан жорий йил бошидан буён ўтказилган назорат тадбирлари давомида жами 5 448 та ерга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари Пахтакор туманида (661 та), Ғаллаорол туманида (557 та), Арнасой туманида (533 та), Дўстлик туманида (492 та) ва Жиззах шаҳрида (489 та) қайд этилди.

Назорат тадбирлари натижасида туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 492,9 гектар майдондаги 5 448 та ноқонуний ҳолат аниқланди. Жумладан, 2 690 та ҳолатда (343,1 гектар) ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари олиб борилган бўлиб, шундан 1 168 та ҳолатда (276,7 гектар) томорқа сифатида, 1 378 та ҳолатда (16,3 гектар) нотурар жой бинолари қурилган. Шунингдек, 9 та ҳолатда (1,7 гектар) кўп йиллик дарахтзорлар барпо этилган, 1 та ҳолатда (5 гектар) балиқ ҳовузи ташкил қилинган, 1 370 та ҳолатда (126,8 гектар) ер майдонларидан белгиланган мақсадга зид равишда фойдаланилган.

Таҳлилларга кўра, ноқонуний эгаллаб олинган ерларнинг 651 та ҳолати (281,7 гектар) қишлоқ хўжалиги ерларига, 3 798 та ҳолати (75 гектар) аҳоли пунктлари ерларига, 154 та ҳолати (25,8 гектар) саноат, транспорт ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларга тўғри келади. Шунингдек, ўрмон фонди, сув фонди, захира ер фонди ҳамда табиат ва тарихий-маданий аҳамиятга эга ерлар бўйича ҳам қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга ноқонуний эгаллаб олинган ерларни қайтариш ҳамда қурилмаларни бартараф этиш бўйича мажбурий ёзма кўрсатмалар берилди. Натижада 325,2 гектар майдондаги 4 105 та ҳолат ихтиёрий равишда бартараф этилди.

Ихтиёрий бартараф этилмаган ҳолатлар бўйича 46 та материал прокуратура органларига, 772 та ҳолат юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Шунингдек, 862 та ҳолатда ерлардан мақсадсиз фойдаланиш масаласи бўйича туман ҳокимликларига тақдимномалар юборилди.
Қонунбузарлик содир этган 2 931 нафар шахсга жами 44 миллиард 761 миллион сўмлик жарима тайинланиб, шундан 4 миллиард 244 миллион сўми ундирилди. Ихтиёрий тўланган жарималар учун 1 миллиард 27 миллион сўмлик имтиёз қўлланилди. 299 та ҳолатда 11 миллиард 331 миллион сўмлик жарималарни мажбурий ундириш учун Мажбурий ижро бюросига юборилди. Қолган 1 089 та ҳолат бўйича 28 миллиард 173 миллион сўмлик жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Шу ўринда Кадастр агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси фуқароларни ер қонунчилиги талабларига қатъий риоя этишга, ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширмасликка, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олмасликка ҳамда қонуний эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўз вақтида ўтказишга чақиради.
Н. Сиддиқов,
Кадастр агентлиги Жиззах
вилояти бошқармаси бошлиғи
ЎзА