Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
5,1 миллиард сўмлик табиий ва суюлтирилган газ талон-тарож қилинган
19:13 / 2020-01-20

Жорий йилнинг 3 январидан 20 январига қадар “Ўзнефтгазинспекция” томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида 5,1 млрд.


Жорий йилнинг 3 январидан 20 январига қадар “Ўзнефтгазинспекция” томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида 5,1 млрд. сўмлик табиий ва суюлтирилган газни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганишлар жараёнида талон-тарожликлар асосан Наманган ва Жиззах вилоятларида аниқланди. “Мезбон” МЧЖ ва “Нафосат бекати” МЧЖ корхоналарига тегишли умумий овқатланиш корхоналарида жами 306 млн. сўмлик 306 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Худди шу каби Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан оҳак цехи томонидан газ тармоғига уланиб газдан ноқонуний фойдаланилган. Бунда дастлабки ҳисоб-китоб бўйича жами 330 млн. сўмлик 330 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Яна бир нечта газ таъминоти тизимига рухсатсиз уланиш ҳолатлари Тошкент вилоятининг Тошкент ва Қибрай туманларида ҳам фош этилди. 157 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда иссиқҳоналар ва “Муҳаммад” МЧЖ паррандачилик фермаларидан бирида фойдаланилган. Вилоят ҳудудида жами 690 млн. сўмлик 690 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний ҳолатлар кузатилди.

Республика бўйича жами 4,3 млн. метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланилган. Бу эса 4,3 млрд. сўмлик зарар демакдир.

Аҳоли учун тарқатиладиган суюлтирилган газлардан Андижон шаҳридаги “Андижон шаҳаргаз” филиалида 25 минг куб (54,3 миллион сўм) миқдордаги суюлтирилган газни ҳисобдан чиқарилганди. Бундан ташқари, омборни текшириш вақтида ушбу филиал ходимлари томонидан 738 млн. сўмлик 2 минг 390 дона маиший газ балон етишмаслиги аниқланди.

Шу билан бирга, филиал ходимлари аҳолидан суюлтирилган газ учун олинган маблағларни хизмат кўрсатувчи банк кассасига топширмаган. Улар 80 млн. сўм қийматидаги нақд пул маблағини қисқартириб, қўпол қонунбузарликка йўл қўйган.

Андижон вилоятида амалга оширилаётган тадбирлар давомида 8 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда инспекция томонидан Андижон вилояти ҳудудидан суюлтирилган газни олиб чиқишга уринишнинг олди олинди. 24 млн. сўм қийматидаги 10,2 тонна суюлтирилган газ, давлат рақами 70 707 ВАА газ ташиш автомашинасида олиб кетилаётганида аниқланди. Ушбу ёқилғи “Шаҳрихон” газ тўлдириш станциясида ноқонуний тарзда юкланганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.