Замонавий массивдаги намунавий уйлар
Қашқадарё вилоятида 2009-2013 йилларда намунавий лойиҳалар асосида 3 минг 560 уй-жой бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, 1 минг 172 уй-жой қурилди.
Қарши туманидаги Боғобод қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Узуннаво массивида қурилиш ишлари якунланган тўқсон икки намунавий уйга эгалари кўчиб ўтди. Улар орасида Улуғбек Ҳаққулов ҳам бор.
– Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, мана шундай, ҳавас қилса арзигулик уй-жойга эга бўлдик, – дейди У.Ҳаққулов. – Бундай турар жойда яшашнинг гашти ўзгача. Айниқса, болаларнинг қувончини кўриб, одамнинг ҳаётга бўлган қизиқиши янада ортади.
Узуннаво массивида барпо этилган мўъжаз стадион, болалар майдончаси, профилактика инспектори ва маҳалла посбони хоналарини ўз ичига олган гузар, тикувчилик цехи, озиқ-овқат дўкони ҳамда сартарошхона аҳолига катта қулайлик яратмоқда.