Мамлакатимизда аҳолининг самарали меҳнат қилиши, моддий манфаатдорлигини ошириш учун муносиб шароит яратиб бериш олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади. Зеро, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг бандлигини таъминлаш аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаёт даражасини юксалтиришнинг муҳим омилидир.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, шунингдек, 2021 йилнинг 1-чорагида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида вазирлик бош мутахассиси Бунёд МАМАТЮСУПОВ ЎзА мухбирига сўзлаб берди.
– 2021-2022 йилларда давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий кўринишда қайта қуриш режалаштирилган 500 маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг 2- ва 3-қаватларида кичик ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда, – деди Б.Маматюсупов. – Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда 97 минг 751 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Уларнинг 11 минг 643 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 38 минг 337 нафарининг эса ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилди.
“Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги” доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда 307 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, 3 минг нафардан зиёд фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда 26 минг 905 нафар меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқародан 12 минг 698 нафарининг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди.
Шу ўринда айтиш жоиз, бандлик масаласи жуда оғриқли масала, уни ҳал этиш учун, энг аввало, аҳолининг кўпроқ қисмида “Менга давлат ёрдам берсин”, деган боқимандалик кайфиятини йўқотиш зарур. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, юртимизда демографик вазият соғлом бўлиб, аҳоли ҳамда иқтисодиёт бир-бирига мутаносиб ўсмоқда. Агар туғилиш кўрсаткичлари 2030 йилгача ҳозирги суръатда сақланиб қолса, меҳнат бозорига ҳар йили 710-720 минг нафар йигит-қиз кириб келади. Ўз навбатида, 230-240 минг киши пенсия ёшига етади. Шу маънода, йигит-қизларни ишга жалб қилиш чора-тадбирларини ҳозирданоқ кўриш долзарб аҳамиятга эга.
Шу боисдан мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вазирлигимиз томонидан “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 19 минг 581 нафар фуқарога имтиёзли кредит олишда ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 14 минг 983 нафар фуқаронинг ҳунармандчилик, 9 минг 879 нафарининг эса касаначилик билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Қолаверса, 16 минг 230 нафар фуқаро ”Уста-шогирд” анъаналари бўйича уста-ҳунармандларга шогирдликка бириктирилди. Мана шу истакдаги 4 минг 43 нафар фуқарога субсидия ажратилишида кўмаклашдик.
Бугунги кунда 22 мингдан ортиқ фуқаролар ўқув курсларида ўқитилиб, улардан 8 минг 181 нафарининг бандлигини таъминлашга эришилди. Уларнинг 6 минг 157 нафари маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ҳиссасига тўғри келади.
Энг муҳими, 497 минг 138 та эҳтиёжманд оила "Темир дафтар"дан чиқарилди. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида хориждан қайтиб келган 37 минг 658 нафар меҳнат муҳожири ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий хизматлар кўрсатилди. Бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларга зарур бошқа ёрдамлар кўрсатишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада “Аёллар дафтари” юритилмоқда. Бу борада Касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимликлар билан ўрганишлар давомида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган 432 мингдан зиёд хотин-қизлар 9 та мезон бўйича “Аёллар дафтари”га киритилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги қарори билан “Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб” тасдиқланди. Бундан ташқари, республикамиздаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Халқ банки тизимида хотин-қизлар бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилди. Ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан 17 минг 979 нафар аёллар тикувчилик, пазандачилик, тадбиркорлик кўникмалари каби йўналишлар бўйича ўқув курсларида бепул ўқитилди.
Хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва вақтинча ишсиз, боқувчиси йўқ, уй-жойга муҳтож, бандлигини таъминлаш зарур бўлган 3-гуруҳ ногиронлиги бор хотин-қизлар муҳтожлик даражасининг долзарблигидан келиб чиқиб, кўмак кўрсатилиши зарур бўлган тоифадаги аёллар сифатида белгилаб олинди. Шу билан бирга, мулоқот ўтказилган хотин-қизлар орасидан касб-ҳунарга ўқиш хоҳишини билдирган, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олишга кўмаклашишни сўраган, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож 2-гуруҳ ногиронлари, уй-жойини таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлари ҳам аниқлаб олинди. Ёлғиз аёлларнинг фарзандларини боғчаларга навбатдан ташқари қабул қилиш тизими қўлга қўйилиб, фарзандларини навбатдан ташқари боғчаларга қабул қилишга эҳтиёжи бор ёлғиз аёллар ва уларнинг 800 нафарга яқин фарзандларининг рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилди.
Бугунги меҳнат бозорида мана шундай аниқ мақсадга қаратилган мазкур чора-тадбирлар аҳоли бандлигини таъминлаш, реал даромадларини оширишга қаратилган. Зеро, аҳолини иш билан таъминлаш мамлакатимизда нафақат иқтисодий, балки катта ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масала ҳисобланади. Унинг ўз вақтида ҳал этилишидан барчамиз бирдек масъулмиз.
ЎзА мухбири Шаҳноза МАМАТУРОПОВА ёзиб олди.